Жамият | 08:30 / 10.05.2020
11506
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Қуръонни кўзойнаксиз ўқийдиган 100 ёшли уруш қатнашчиси ва «УАЗ»да урушга отланган» Бойқувват бобо ҳақида

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 2 нафар уруш қатнашчиси Раҳмон ота ва Бойқувват бобо бу йил 100 ёшни қарши олди.

Сазаган тумани Эгрийўл қишлоғида истиқомат қилаётган Раҳмон ота Абилов Қуръони карим оятларини кўзойнаксиз ўқиши ҳақида сўзлаб берди. Тим қишлоғидаги Бойқувват бобо эса ҳарбийларга «УАЗ-469»да саёҳат қилиш истаги борлигини билдирди. Уни урушга уйидан мана шундай техникада олиб кетишган экан.

1942-1944 йилларда 137-сонли мотоўқчи полкида миномёт ҳисобида душманга қарши курашган Раҳмон ота Абилов 82 миллиметрли миномётдан отилган ёндирувчи снаряд осколкаларидан жароҳатланади. Госпиталда 6 ой даволанишдан сўнг, бир умрга ногирон бўлиб қолган уруш қатнашчиси уйига қайтиб, техникумга ўқишга киради. Ўқиш ва меҳнат фаолияти давомида юртга фойдаси тегадиган кўплаб ишлар қилади.

Қишлоқда 9-умумтаълим мактабини ташкил этиб, бу ерда болаларни 4 синфгача ўқитишни бошлаган. Отахондан узоқ умр кўриш сири сўралганда: «Амали тўғри ва адолатли инсонларга ўлим йўқ экан», дея жавоб қайтарди.

Уруш фахрийси 40 йил аввал турмуш ўртоғини йўқотган экан. Фарзандларининг қистовларига қарамасдан, «оиламни нотинч қилмай», деб бошқа турмуш қилмаган. Суҳбат чоғида Раҳмон ота ҳарбий хизматчиларга Маҳтумқули шеърларидан ўқиб берди. 

Ҳарбий хизматчилар шу куни иккинчи уруш қатнашчиси Бойқувват бобо Садиновни «УАЗ» техникасида Ўзбекистондаги энг катта полигон – «Каттақўрғон» дала ўқув майдони бўйлаб, саёҳатга олиб чиқди.

9 май санасида Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий вилоятларида истиқомат қилаётган кекса авлод вакилларига пул мукофоти, медал ҳамда эсдалик совғалар топширилди.  

Ҳарбий журналист Ғайрат Мадраҳимов.

Мавзуга оид