Жаҳон | 18:26
3309
2 дақиқада ўқилади

“Президент орзумга етказсин дейман” – фарғоналик 106 ёшли уруш фахрийси

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Катта Қайнар маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Усмонжон ота Раҳимов бу йил 106 ёшни қарши олди. Отахоннинг уч ўғил, уч қиз, 20 невара, 45 эвара, беш чевараси бор.

“Уруш бошланишидан аввал колхозда ишладим, темирйўлда машинистлик қилдим. Урушдан қайтиб келиб турли соҳаларда ишладим. Қани энди президентимиз билан учрашсам-у уларга орзумни айтсам. Улардан машина совға қилишларини илтимос қилган бўлардим. Шу ёшимда президент берган машинада Бухоро-ю, Самарқандга саёҳатга чиқсам”, – дейди ота.

Усмонжон ота Раҳимов уруш хотираларини сўзлаб берди:

“1920 йилда туғилганман. Уруш бошланганда колхозда ишлардим. Айни навқирон 21 ёшда эдим. Ўшанда отам 84, онам эса 75 ёшда эди.

Очарчилик бошланган пайт, ҳатто ейишга нон ҳам йўқ. Нима қилишни билмай қишлоқда ўтин тераманда аравага солиб марказга чиқиб ярим бухонка нонга алмаштириб келаман. Ана шундай қилиб юриб ота-онамни боққанман. Ҳафталаб нон емаган кунларимиз ҳам бўлган. Амаким билан томорқамизга шолғом, редиска экиб пишганида катта қозонга солиб қайнатиб шуни еганмиз. Ота-онамга хизмат қилиб айни дуоларини олиш пайтида ноилож урушга жўнаб кетганман.

1941 йил 29 декабрда Москвага етиб бордим...

Снайпер, милтиқ, миномётга отишга ўргатишди. Урушда фақат танк ҳайдамадим холос. Лекин шерикларим мени “танкист” деб чақиришарди. Уруш шунчалик даҳшатли бўлганки, Харкивни вайрон қилиб юборган немис. Ўқ ёмғири остида бошимдаги каскамга қарсиллаганича немиснинг ўқи тегади. Каскаларим илма-тешик бўлиб кетган. Шерикларимнинг кўпи ўлиб кетди. Умримдан берган экан ватанимизга соғ-омон қайтиб келдим. 

Ўтган йили президентнинг қизи ва куёвлари келиб мени йўқлаб кетишди. Қўлимга доллар тутқазиб кетишди. Улар билан ҳазиллашиб бир оз кулишдик.

106 ешга кирдим. Орзум... президентимиз Шавкат Мирзиёев билан кўришсам, мендан нима сўрайсиз, десалар, меҳнатларимни ҳурмат қилиб биттагина машина совға қилсалар. Машинага чиқиб Сармарқанд-у Бухороларни зиёрат қилсам армоним қолмас эди”, — дейди Усмонжон ота Раҳимов.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид