Жаҳон | 00:15 / 10.05.2020
13717
2 дақиқада ўқилади

Францияда фавқулодда санитария ҳолати 10 июлгача узайтирилди

Франция ОАВнинг хабар қилишича, мамлакат эпидемиологик харитасида хавфсиз, “яшил ҳудуд”га киритилган Дордон департаментида коронавируснинг янги ўчоғи топилган.

Фото: REUTERS / Christian Hartmann

Франция парламенти коронавирус сабабли жорий этилган фавқулодда санитария ҳолатини 10 июлгача узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Аввалроқ қонун лойиҳаси Франция сенати томонидан маъқулланганди.

Илгари қабул қилинган фавқулодда санитария ҳолати тўғрисидаги қонун 24 мартдан кучга кирган ва режим 24 майгача жорий этилганди.

Франция ОАВнинг хабар қилишича, мамлакат эпидемиологик харитасида хавфсиз, “яшил ҳудуд”га киритилган Дордон департаментида коронавируснинг янги ўчоғи топилган.

Янги Аквитания региони соғлиқни сақлаш агентлигининг маълум қилишича, Эглиз-Нев-де-Вер қишлоғидаги мотам маросимидан сўнг бир неча ўн киши марҳумни хотирлаш учун тўпланган. Марҳумнинг оила аъзоларидан бири касалликни бошқаларга  юқтирган.

Тезкорлик билан кўрилган чоралар натижасида бемор билан бевосита мулоқотда бўлган 127 киши аниқланган ва уларнинг  ўнга яқинида коронавирус тасдиқланган. Улар беморнинг қариндошлари ва ҳамкасблари бўлиб, барчаси назоратга олинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Францияда коронавирус юқтирганлар сони 139 мингга яқинлашган, 56 мингдан ортиқ киши соғайган, 26,3 минг киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид