Ўзбекистон | 19:15 / 10.05.2020
28606
10 дақиқада ўқилади

«Мавҳумликдан чарчадик» – Европада қолиб кетган ўзбеклар ҳикоялари

Европанинг турли мамлакатларида қолиб кетган ўзбекистонликлар Kun.uz мухбири билан суҳбатда Республика махсус комиссияси томонидан чартер рейслар қачон қўйилиши маълум қилинмаётгани, юзага келган мавҳумлик турли қийинчиликлар билан юртга қайтишни кутаётган ўзбекистонликлар учун руҳий зарба бўлаётганини айтишди.

Фарҳод Раҳматуллаев:

– 10 март куни Буюк Британияга бир ҳафтага бизнес учрашув учун келгандим. 13 март кунида учрашувимиз бор эди. 17 март куни учиб кетишим керак эди, шу санага қайтиш учун авичиптам бор эди. Ўзим Тошкентда ишлайман. Лекин Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган бемор аниқлангандан кейин барча рейслар бекор қилингани учун шу ерда қолиб кетдим. Ҳозир Лондон ташқарисидаги кичик бир шаҳарчадаман. Лондон хавфли бўлгани учун шу ерда турибман.

Айни вақтда Британияда касалланиш ҳолатлари сони 200 мингдан ошган. Ўлимлар сони 30 мингдан ошиб кетди. Ҳукумат жудаям кеч ҳаракат қилди, деб ҳисобланяпти. Яъни яқин-яқингача кўчада одамлар бемалол юраётган эди. Бу ерда карантин Тошкентчалик эмас. Жудаям эркин деб айтолмайман-у, лекин озиқ-овқат магазинлари ҳалиям ишлаяпти.

Ўзим имкон борича кўчага чиқмасликка ҳаракат қиляпман. Имкон борича овқатни ҳам уй шароитида тайёрлаяпман. Лекин бу ерда шунақа бир ҳодиса кузатиляптики, балки миллатнинг бир характеридир, ўзини ҳимоялаш керакли даражада эмас. Тиббий ниқоб ва қўлқопларда юриш юқори даражада, деб айтолмайман ва бу ерда касал бўлганларнинг асосий қисми уй шароитида изоляцияга олиняпти. Ўзбекистондагига ўхшаб махсус карантин ҳудудларига жойлаштирилмаяпти. Шу туфайли одам кўчага чиқишга ҳам қўрқади. Иложи борича уйда ўтиришга ҳаракат қиляпман.

Рейслар бекор қилингач, аввалига икки ҳафта давомида Лондонда яшаб турдим. Кейинчалик вазият шуни кўрсатдики, касаллик, асосан, Лондон, Манчестер каби энг катта шаҳарларда кузатиляпти. Лондон ўзи кичик мегаполис бўлгандан кейин олдида кичик шаҳарлари ҳам бор. Шу шаҳарларда бир хонали жойлар бор. Лондон хавфли бўлгани учун ўша ерга кўчишга мажбур бўлдим.

Пулим тугагандан сўнг оиламдан ва дўстларимдан пул олишга мажбур бўлдим. Ҳозирча шунинг ҳисобига яшаб туришга ҳаракат қиляпман. Лекин дастлаб бу ерда ижарага ўтганимда Британияда коронавирус унчалик даражада кучайиб кетмаган эди. Узоқ муддатга банд қилиб қўйиш арзонроққа тушади бу ерда. Энди эса ижарага арзонроқ жой топиш ҳам муаммо бўлиб қолган. Чунки кўп жойлар ишламаяпти.

Фарҳод Раҳматуллаев

Энди 23 майгача уйга кетишга умид қилиб турибман. Элчихонага 15-16 март кунлари телефон қилгандим. Улар яқин орада чартер рейс қўйилиши ва рўйхат қилинаётганини айтишди. Кимнинг қўлида чиптаси бўлса, биринчи бўлиб олиб чиқиб кетилишини айтишди. Мен барча маълумотларни бериб қўйдим. Ҳар уч-тўрт кунда телефонлашиб турибман. Бунинг учун раҳмат элчихонага. Ҳар доим имкон борича тушунтиришга ҳаракат қилишяпти.

Лекин улар билан гаплашганимда бир нарсага амин бўлдимки, уларда ҳам маълумот йўқ умуман. Тўғрисини айтишяпти. Қачон чартер рейс қўйилади, қанақа қилиб қўйилади, кимлар кетади, бу тўғрисида улар ҳам аниқ маълумотга эга эмас. Мени рўйхатга қўшиб қўйишган экан. Кўрдим. Лекин аниқ бир маълумот айта олишмаяпти. Сабаби, уйдагилар Тошкентдаги махсус комиссия штабига телефон қилиб сўрашганида, уларда ҳам ҳеч қандай маълумот йўқлиги маълум бўлган. Демак, Тошкентда бу тўғрисида ҳеч қандай янгилик бўлмаса, элчихонада ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Британияда фақат ўзимман, бу ерга қисқа муддатга келганим учун бошқа ҳеч кимни танимайман. Консулликка телефон қилиб сўраганимда, «битта самолёт тўладиган одам бор»лигини айтишди. 200-250 нафар атрофидаги одам.

Яна битта нарса, самолёт Париждан ёки Франкфуртдан учадиган бўлса, Буюк Британиядаги ўзбеклар у ерга боролмайди. Виза масаласи бор бу ерда. Яна қўшимча қилишимиз мумкинки, фейсбукда Британияда яшайдиган ўзбеклардан ташкил топган гуруҳ бор. Бу ерда ҳам жуда кўп одам рейс масаласида сўрашяпти. Мен бемалол айта оламан, битта самолёт тўладиган одам бор бу ерда.

Бу ерда иложи борича, ўзимни ўзим эплашга ҳаракат қиляпман. Лекин элчихонадагилар ҳар қандай қийинчиликлар бўлса, илтимос, бизга телефон қилинг, деб маълум қилишган.

Тўғрисини айтсам, молиявий қийинчиликлари ҳам бўлади. Бу аниқ. Бунинг устига энг ёқимсиз бир нарса – бу одамнинг руҳан қийналиши. Ноаниқлик одамни эзади. Эрталаб турсангиз ҳам, кечқурун ухлаётганингизда ҳам, қачон кетаман, қандай кетаман, деган савол кўпроқ қийнайди, жисмоний ва молиявий қийинчиликдан кўра. Ноаниқлик одамни жудаям руҳан тушкунликка тушириб қўйяпти. Ҳозирмас, 1 июнь куни олиб кетамиз, дейишганда ҳам одамларда аниқлик бўларди. Ҳеч ким ҳеч нимани айтмаяпти ва жавоб бермаяпти. Шунинг ҳисобига ҳам шахсан мени жисмоний ва молиявий қийинчиликдан кўра, мана шу руҳий тушкунликка тушиб қолиш, жудаям қийнаяпти.

Авиақатновлар май ойи охиригача ҳам тикланмайдиган бўлса, чартер рейс қўйилмайдиган бўлса, яна Тошкентдан – яқинларимиздан пул сўрашга мажбур бўламиз. Бошқа иложи йўқ. Чунки мен бу ерда ишлолмайман ҳам. Иш ҳам йўқ. Билмайман ҳам. Чунки мен бу ерга қисқа муддатга келган туристман. Шунинг учун фақатгина Тошкентдан кўмак кутишга мажбур бўламан. Бошқа иложим йўқ. Лекин биласизми, эркак киши учун ҳадеб уйдан пул сўрайвериш қийин, уларга суяниш ҳам одамни қийнаб қўяди. Бировга қарам бўлиб қолишингиз, ўзи қийин вазиятда бўлишига қарамай, бошқаларни ҳам қийнашингиз унчалик ҳам тўғри келавермайди.

Саидумархон Саидаҳмадов:

– Ҳозирги кунда Испаниянинг Кантабрия провинциясининг Сантандер шаҳридаман. Бу ерга 4 ой олдин ўқиш мақсадида келганман. Сўзимнинг аввалида айтиб ўтмоқчиман. Ҳеч қайси бир давлат идорасини танқид қилишдан ёки ўзимнинг ҳозирги ҳолатимдан нолишдан йироқман. Шунчаки бир неча мавҳумликлар бўйича Республика махсус комиссиясидан жавоб олиш истагидаман. Бу ҳам бўлса чартер рейслар масаласи.

Агар бирор-бир мутасадди расмий инсон чиқиб туриб: «Чет элдаги фуқароларни фалон муддат ичида олиб чиқиб кетамиз ёки шу муддатдан кейин олиб чиқиб кетамиз», деб аниқ бир санани айтса, шунда биз ўзимизни ҳам руҳан, ҳам моддий тарафлама тайёрлаймиз. Ҳозир ҳаммаси мавҳум. Ҳеч қайси расмий, ҳеч бир идора масъулиятни ўз зиммасига олишни хоҳламаяпти.

Ташқи ишлар вазирлигига қўнғироқ қилсангиз, рейс бўйича Транспорт вазирлиги шуғулланади, дейишяпти. Транспорт вазирлигига мурожаат қилсангиз, бу махсус комиссия зиммасида, деб айтишяпти. Махсус комиссия эса маҳаллий консулликка мурожаат қилишни сўрамоқда. Ўз-ўзидан табиийки, маҳаллий консуллик буни ўз зиммасига ололмайди. Бу уларнинг ваколатига кирмайди.

Шу нарсаларга ойдинлик киритиш учун расман эълон қилишсин, шу муддатдан кейин олиб чиқиб кетамиз, дейишсин, биз шунга ўзимизни тайёрлайлик. Шуни махсус комиссиядан сўраб қолган бўлардим.

Саидумархон Саидаҳмадов

Аслида Тошкент кимё технология институтида 3-босқич талабасиман. Бугунги кунда «Алмашинув дастури» бўйича Кантабрия университетида бир семестр давомида таҳсил олиш учун ташриф буюрганман. Шу ўринда айтишим керакки, университетимиз раҳбарияти ҳам анча далда бўлиб турибди. Тошкентдан туриб шунчалик ғамхўрлик қилишаётгани учун улардан ниҳоятда миннатдорман. Руҳан қўллаб-қувватлаб туришибди.

Ҳозир Испаниядаги ўқишимда имтиҳонлар бошланади. Шундан сўнг ўқиш тугайди. Ўқиш тугагандан сўнг ўз-ўзидан бизнинг бу ердаги миссиямиз тугайди. Шундан сўнг бу ерда яшаш шароити, озиқ-овқат каби муаммолар қийинлашиб бораверади. Айни пайтда ўзим ижарага олган квартирамда турибман.

Чет элдан борган фуқаролар бирдан уйларига қўйиб юборилмайди. Махсус ташкил этилган карантин зоналарига олинади. Ўн тўрт ёки йигирма кун мобайнида карантинда сақлаб турилади. Бунақа шароитларга сўзсиз тайёрмиз. Менимча, бу фикрни чет элда бўлиб турган барча фуқароларимиз қўллаб-қувватлайди. Ўн тўрт кун эмас, бир ой бўлса ҳам чидаймиз. Ҳатто карантинда сақланадиган жой учун пул тўлаб туришга тайёр одамлар. Чунки ўн тўрт-йигирма кунда ишлатиладиган пул бу ерда бир ҳафтага ҳам етмайди, тўғриси. Шунинг учун бу тарафдан ҳам тайёр юртдошларимиз бор.

Консуллик билан охирги марта гаплашганимда Испанияда ўзбекистонликлар унча ҳам кўп эмаслигини маълум қилишди. Бўлса, 15-20 нафарга яқин. Улардан ҳам кетиш истагини билдирганлари кўп эмас. Чартер рейс қўйиладиган бўлса, Европа давлатлари учун умумий битта ёки иккита самолёт ташкил этилса, бошқа давлатдан жўнаб кетишга тўғри келади. Битта марказлашган ҳолда ташкил қилинади бу нарса. Биз Испаниядан ўша давлатга ўз ҳисобимизда боришимизга тўғри келади. Агар чартер рейс ташкил қилинса. Бунгаям тайёрмиз. Фақат қандайдир вақтни аниқ айтишса бўлди.

Европа қитъасининг турли мамлакатларида қолиб кетган, пандемия сабабли Ўзбекистонга қайтолмаётган ватандошларимиз фақатгина битта нарсани исташмоқда. У ҳам бўлса Республика махсус комиссияси тезроқ чартер рейслар қачон йўлга қўйилишини маълум қилсин. Шунга қараб улар режа тузишмоқчи. Бошқа нарсани сўрашаётгани йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 7 май куни бўлиб ўтган йиғилишда хорижий давлатларда қолаётган 11 мингдан ортиқ ўзбекистонлик тез орада ватанга қайтарилиши маълум қилинди. Умид қиламизки, Республика махсус комиссияси чартер рейслар қачон йўлга қўйилиши ҳамда ватандошлар қачон ва қай тартибда ортга қайтарилишини маълум қилади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид