Ўзбекистон | 13:33 / 12.05.2020
6176
3 дақиқада ўқилади

Биржада бир ҳафтада қанча шакар ва бензин сотилгани маълум қилинди

Ўтган ҳафта, 4 – 10 май кунлари давомида "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг барча савдо платформаларида 1,06 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 15 фоизга кўп.

Сотувларнинг 92 фоизи биржа савдолари, 4 фоизи кўргазма-ярмарка савдолари, 4 фоизи электрон давлат харидлари ва 0,3 фоизи авторақамларнинг онлайн аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 350,8 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 9,1 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 781та авторақамлар сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 97 фоизига ўсиб, 3,2 млрд сўмни ташкил қилди. Савдолар натижасида битимларнинг 21,0 фоизи биринчи тоифадаги авторақамларга, 46,7 фоизи иккинчи ва 32,3 фоизи учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 976,3 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, ўсиш – 17 фоизи ташкил этди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, жумладан:

Пахта ёғи. Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 1 976,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 821,0 тоннаси, яъни 41,5 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 51 та савдо иштирокчисини иштирок этишди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9,3 млн сўмдан 9,2 млн сўмгача, яъни 2 фоизга пасайди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан 2 фоизга ўсиб, маҳсулотни бир тоннаси учун 9,8 млн сўмни ташкил этди.

Шакар. Таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли биржанинг шакар бозорида барқарорлик сақланмоқда. Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 16 000,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 7 173,0 тоннаси, яъни 45 фоизи сотилди.

Биржа савдоларида ҳар куни ўртача 20 та харидорлар иштирок этишди ва бу аввалги ҳафтага нисбатан 26 фоизга камдир. Ўтказилган биржа савдолари натижасида шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи кичик пасайиш билан шакарнинг бир тоннаси учун 5,2 млн сўмни ташкил қилди.

Бензин. Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 79 609,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 15 633,0 тоннаси, яъни 20 фоизи сотилди.

Биржа савдоларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базалари, автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бензинни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган бошқа юридик шахслар иштирок этишди.

АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг бошланғич нархи 1 май ҳолати билан солиштирганда сотувчи корхоналар томонидан 3,8 млн сўмдан 4 млн сўмгача, яъни 7,4 фоизга кўтарилди. Шу боис, АИ-80 бензиннинг ўртача кунлик нархлари ҳам мос тарзда 3,8 млн сўмдан 4 млн сўмгача, яъни 7,4 фоизга ўсди.

АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси бензиннинг бир тоннаси учун 4 млн сўмни, АИ-91 бензинни нархи – 5,8 млн сўмни ташкил этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид