Жаҳон | 23:53 / 12.05.2020
6048
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда йўловчи поездлари қатновига рухсат берилмоқда

Ҳиндистонда 12 майдан босқичма-босқич тарзда темир йўллар орқали йўловчи ташишга рухсат берилмоқда. Йўловчи поездлари ҳаракати 22 мартдан бошлаб тақиқланган эди.

Фото: Getty Images / NARINDER NANU

The Economic Times хабарига кўра, поездларда шу ҳафтадан кондиционерлар ҳам ёқилади. Йўл ҳақи эса Ражҳани экспресс поезди нархига тенг бўлади.

Ҳиндистондаги Ражҳани экспресс поездлари тўлиқ кондиционер билан таъминланган бўлиб, мазкур тизим поездлари тезкор ва овқатланиш хизматини кўрсатиш учун ҳам ихтисослашган.

Мамлакат Темирйўл вазирлигидан маълум қилишларича, поездлар қатнови Янги Деҳли станциясидан турли шаҳарларга томон старт олади. Бироқ поездлар манзилга етгунча жуда кам ерда тўхтаб ўтиши режа қилинмоқда.

Гарчи поездлар қатнови йўлга қўйилаётган бўлса-да, уларда ҳаракатланганда талаб қилинадиган ижтимоий масофаланишнинг янги нормалари, вокзалларга бориш ва қайтишда фойдаланиш учун зарур бўлган жамоат транспортлари қатнови ҳақида саволлар ноаниқлигича қолмоқда.

Ҳукуматнинг маълум қилишича, йўловчилар поездга чиқишдан олдин теширувлардан ўтказилади ва вирус аломати йўқ деб ҳисобланган одамларгагина поездга чиқишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, поездда йўловчиларнинг ниқобда бўлиши ҳам мажбурий ҳисобланади.

Чипта олиш учун буюртмалар фақат онлайн тарзда қабул қилинмоқда. Темирйўл кассалари ҳозирча ёпиқ.

Вокзалларга фақат чиптаси бор фуқаролар киритилади.

Йўловчи поездлар ҳаракатига рухсат берилаётган бўлса-да, жамоат транспортининг бошқа турлари қатнови тикланиши масаласи очиқ қолмоқда.

Мавзуга оид