Жаҳон | 08:43 / 12.05.2020
20231
2 дақиқада ўқилади

Трамп брифинг вақтида журналист билан жанжаллашиб қолди

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги брифингда келиб чиқиши осиёлик бўлган аёл журналист билан жанжаллашиб кетгач, брифингдан чиқиб кетди.

Фото: Associated Press

Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.  

Трамп ўз нутқида АҚШ бошқа давлатларга қараганда коронавирусга кўпроқ тест ўтказганини маълум қилган. Шундан кейин CBS телеканали мухбири Трампга нима учун у коронавирусдан ўлим даражаси ортаётган мамлакат ичидаги вазият ўрнига ўтказилган тестлар сони бўйича бошқа давлатлар билан рақобатга кўпроқ урғу беришини сўраган. Трамп журналистнинг нима учун бундай бўлаётгани ҳақидаги саволига кескин оҳангда жавоб қилиб, бу ҳақида Хитойдан сўрашни маслаҳат қилган. 

“Бутун дунёда одамлар ўлмоқда. Эҳтимол, бу саволни Хитойга беришингиз ўринлидир. Мендан эмас, Хитойдан сўранг. Агар улардан бу ҳақида сўрасангиз, балки жуда антиқа жавоб оларсиз”, деб кескин оҳангда жавоб қилган АҚШ президенти. 

Бундан ташқари, Трамп саволни жирканч деб атаган ва журналистнинг аччиғини келтирган.

Икки томон бир-бирига яна бир нечта эътироз билдиргач, Трамп йиғилганлар билан хайрлашиб, брифингдан чиқиб кетган.

Охирги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 1,385 млндан ошиб кетди, ундан вафот этганлар 81795 нафарни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид