Жаҳон | 01:13 / 12.05.2020
16549
1 дақиқада ўқилади

Хитойлик вирусолог Уҳандаги лаборатория фаолияти ҳақида сўзлаб берди

Хитойлик мутахассислар Уҳандаги вирусология лабораторияси фаолиятининг баъзи тафсилотлари билан бўлишишди. Лаборатория директори Юань Чжиминнинг таъкидлашича, лаборатория биносида биологик хавфсизликнинг энг юқори даражасига риоя қилинади.

Фото: Global Look Press/Liu Ying

Лаборатория раҳбарияти ва ходимлари бирорта вирус ташқарига чиқмаслиги учун барча имкони бор чорани кўришади, деб ёзмоқда South China Morning Post нашри. Жумладан, бино ичида манфий босим тизими шакллантирилган бўлиб, у бино ичидаги ҳавони ташқарига чиқармайди.  

Инфекцион материаллар билан ишловчи барча олимлар ҳар куни тана ҳарорати ўлчаниши билан қаттиқ текширувдан ўтказилади. Бундан ташқари, автоматик тизим ходимларнинг лабораторияга кириб-чиқишини қаттиқ кузатади ва бинода ҳеч ким бир ўзи бўлмаслигини назорат қилади.

Чиқиндиларни утиллаштириш билан давлат рухсатномасига эга компаниялар шуғулланади. 

Аввалроқ АҚШ Хитойни янги турдаги коронавирус Уҳандаги лабораторияда яратилганида айблаган. Жумладан, 3 май куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео АҚШ бунинг кўплаб исботига эгалигини таъкидлаган. Бироқ бир неча кун ўтиб Помпео коронавирус лабораторияда яратилгани ҳақидаги ахборот ҳақиқийлигига шубҳа борлигини айтган.

 

Мавзуга оид