Жаҳон | 14:27 / 13.05.2020
6779
2 дақиқада ўқилади

Facebook руҳий зўриқишга учраган ходимларига 52 млн доллар компенсация тўлайдиган бўлди

Компанияда 2015 йилдан бери ишлаб келаётган Калифорния, Техас, Аризона ва Флоридадан бўлган 10 мингдан ортиқ ходим компенсация олади.

Facebook компанияси ва ижтимоий тармоқнинг контентларни назорат қилувчи ходимлари судда умумий қиймати 52 млн долларни ташкил этувчи компенсация тўланиши тўғрисида келишув тузди

Посттравматик синдром ёки шунга ўхшаш руҳий зўриқишлар аниқланган Facebook ходимларининг ҳар бири даволаниш учун 50 минг долларгача пул олади, деб маълум қилди даъвогарларнинг адвокати.

Facebook ижтимоий тармоғига жойлаштириладиган постларни назорат қилувчи ходимлар мунтазам равишда зўравонлик ва таҳқирлаш тасвирланган ҳолатларни кўришларига тўғри келади. 2018 йил кузда компаниянинг собиқ ходимларидан бири контент назоратида тўққиз ой ишлаганидан сўнг унда посттравматик синдром аниқлангани учун Facebook’ни судга берганди.

Келишувга кўра, компанияда 2015 йилдан бери ишлаб келаётган Калифорния, Техас, Аризона ва Флоридадан бўлган 10 мингдан ортиқ ходим компенсация олади. Компенсациянинг энг кам миқдори минг долларни ташкил этади.

Facebook шунингдек, контент назоратчиларининг руҳий соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича чоралар кўришга ваъда берди. Бундан буён видеолар овозсиз ҳолда ва оқ-қора тасвирда кўрилади, назоратчиликка номзодларнинг эса руҳий бардоши махсус текширувдан ўтказилади.

Мавзуга оид