Жамият | 21:24 / 13.05.2020
42216
2 дақиқада ўқилади

«Томорқани бўш қўйманглар дейишди, ҳосил тайёр бўлганда эса харидор йўқ» — пиёз етиштирган деновлик деҳқонлар

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти деҳқонларидан мурожатлар келиб тушяпти. Деҳқонларнинг айтишича, Сурхондарёда ҳар йилгидек катта миқдорда пиёз етиштирилган, ҳозирда маҳсулот деярли пишиб етилган, аммо уни экспорт қилиш тадбирлари ҳанузгача йўлга қўйилмаган.

«Пиёзимиз яна бироз ерда қолса, чирий бошлайди, нобуд бўлади», – дейилади Денов туманидан бизга келган видеомурожатда.

Деновлик деҳқонларнинг таъкидлашича, экспортга мўлжалланган темир йўл вагонлари Сирдарё вилояти бекатларига қўйилган, пиёз ҳосили эса асосан Сурхондарёда.

«Маҳалла раислари уйма-уй юриб, томорқаларингизни бўш қўйманглар, маҳсулотингиз экспорт бўлади, деб бизни руҳлантирган эди, энди эса биз деҳқонлар мана бундай вазиятга тушиб турибмиз — пиёзимизни 400-500 сўмдан сўрашяпти, бу нарх харажатимизни ҳатто қопламайди», – дейишмоқда деҳқонлар.

Уларнинг тушунтиришларича, 1 тонна пиёз етиштириш таннархининг ўзи 1 млн сўмга тушган.

Таъкидлаш керакки, баҳорги (эртапишар) пиёз таркибида сув миқдори кўп бўлгани боис, уни кузги пиёз каби бир неча ой давомида сақлаб туриш деҳқонлар учун мушкуллик туғдиради — пиёз тезда чирий бошлайди.

Етиштириладиган маҳсулот ҳажми катта бўлгани боис, уни тезда мамлакат бозорларига етказиш ҳамда чет элга экспорт қилиш муҳим. Бу иш қилинмаса, кўплаб деҳқонлар харажати ва меҳнатига куйиб қолади, бу эса пиёз етиштиришга ихтисослашган ҳудудлар аҳолисининг молиявий ҳолатига зарба бўлади.

Ҳозирги қийин, карантинли вазиятда эса бу оилаларнинг янада оғир аҳволда қолишига омил бўлади.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид