Фан-техника | 05:14 / 14.05.2020
5183
2 дақиқада ўқилади

Манба: Трамп Huawei билан ҳамкорлик чекловини яна бир йилга узайтирди

Фото: AP

АҚШ корхоналари Хитойнинг Huawei компанияси билан келаси йил май ойигача ҳамкорлик қила олмайди. Мамлакат президенти Дональд Трамп бу борада тегишли ҳужжатни имзолаган. Бу ҳақда Reuters хабар берган.

Ҳужжатда «қора рўйхатдаги» корхоналар номи аниқ айтилмаган ва умумий қилиб «миллий хавфсизликка хавф туғдирадиган» телекоммуникация компаниялари билан ҳамкорлик чекланиши айтилган. Шундай бўлса-да, The Verge нашрига кўра, гап Хитойнинг Huawei ҳамда ZTE компаниялари ҳақида кетмоқда.

АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган компаниялар билан ҳамкорликни чеклаш 2019 йилда бошланган. Ўшанда америкалик разведкачилар Хитой АҚШда ўрнатиладиган Huawei компаниясига тегишли 5G тармоқлари учун қурилмалар орқали АҚШдаги телекоммуникация тармоқларини кузатиш имконига эга бўлиши ҳақида маълумот берган.

The Verge`га кўра, 2019 йилда Huawei АҚШ ҳудудида тўлиқ фаолиятини тўхтатгани йўқ. У Google каби йирик компаниялар билан ишлолмаган бўлса-да, АҚШ савдо вазирлигидан бир нечта вақтинчалик лицензиялар олган. Охирги марта бундай лицензия 2020 йил март ойида берилган ва 15 май куни якунига етади. АҚШ савдо вазирлиги лицензияларнинг муддати узайтирилиши ҳақида маълумот бермаган.

Мавзуга оид