Жаҳон | 10:10
981
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳўрмуз бўғози ҳудудида Эронга янги зарбалар берди

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Ҳўрмуз бўғози яқинида Эрон ҳудудига янги ҳаво зарбалари берилганини маълум қилди. Вашингтон бу амалиёт Эроннинг фуқаролик кемалари ва тижорат судналарига таҳдид солиш имкониятларини чеклаш мақсадида ўтказилганини билдирмоқда.

Фото: AFP

CENTCOM маълумотига кўра, зарбалар АҚШ президентининг топшириғи билан амалга оширилган. Америка ҳарбийлари баёнотида таъкидланишича, мақсад Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали эркин ҳаракатланаётган фуқаролик ва тижорат кемаларига ҳужум қилиш имкониятларини издан чиқариш ҳамда минтақадаги кескинликни жиловлашдан иборат.

Эрон давлат телевидениеси — IRIB хабарига кўра, порт шаҳри Бандар Аббоснинг ғарбий қисмида, Сирик шаҳри, Кешм ороли ҳамда Ҳўрмуз бўғозига туташ Жаск шаҳри атрофида кучли портлашлар содир бўлган.

Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Кешм оролида бир киши ҳалок бўлгани, икки киши яраланганини маълум қилди.

ИИМК, шунингдек, уруш бошлангунга қадар жаҳон нефт савдосининг қарийб 20 фоизи ўтган Ҳўрмуз бўғози «АҚШнинг минтақадаги аралашуви тугамагунча ёпиқ қолиши»ни билдирди.

Бироқ CENTCOM бу даъвони рад этди. Америка ҳарбийлари Ҳўрмуз бўғози Эрон назоратида эмаслиги ва халқаро денгиз қатнови одатдагидек давом этаётганини таъкидлади. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам аввалроқ худди шундай баёнот билан чиққан эди.

Эрон қўшни давлатларга зарба берганини маълум қилди

12 июл куни АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги қарийб 140 та ҳарбий объектга зарба берганини маълум қилган. Улар орасида ракета ва дрон омборлари, алоқа марказлари ҳам бўлган.

Вашингтон бу амалиётни Ҳўрмуз бўғозида ИИМК томонидан GFS Galaxy контейнер кемасига қилинган ҳужумга жавоб сифатида изоҳлади. Эрон эса мазкур кемага фақат «огоҳлантирувчи ўқлар» узилганини, кема Теҳрон белгилаган йўналиш бўйлаб ҳаракатланмаганини таъкидлаган.

АҚШ ҳужумларидан кейин Эрон Қатар, Уммон ва Иордания йўналишидаги нишонларга зарбалар берганини маълум қилди. ИИМКнинг билдиришича, ҳужумлар Қатардаги Ал-Удейд авиабазаси ҳамда Уммоннинг Дукм портида жойлашган, америкалик ҳарбийлар фойдаланадиган объектларга қаратилган.

Шунингдек, Теҳрон Ҳўрмуз бўғозида яна бир кема ҳаракатдан чиқарилганини ҳам маълум қилди.

Томонлар бир-бирини сулҳни бузишда айбламоқда

17 июн куни АҚШ ва Эрон ўртасида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда Ҳўрмуз бўғозида хавфсиз навигацияни тиклашга қаратилган келишув имзоланган эди.

Бироқ 25 июндан бошлаб Эрон ҳарбийлари бир неча бор фуқаролик кемаларига ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. АҚШ эса бу ҳаракатларга жавоб сифатида Эрон ҳудудига ҳаво зарбаларини амалга оширди. Ҳар икки томон сулҳ келишувини айнан қарши тараф бузганини иддао қилмоқда.

8 июль куни НАТО саммити доирасида сўзлаган АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан тузилган англашув меморандуми амалда ўз кучини йўқотганини маълум қилди. У Теҳрон раҳбарияти билан музокаралар самарасиз эканини таъкидлаган бўлса-да, америкалик музокарачилар хоҳласа, мулоқотни давом эттириши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, Вашингтон Эронга нисбатан нефт санкцияларини қайта тиклади.

11 июль куни Reuters агентлиги тарқатган маълумотга кўра, АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида ёпиқ музокаралар ўтказилган. Унда эронлик расмийлар Ҳўрмуз бўғозида кемаларга қилинган янги ҳужумлар учун масъулиятни «назоратдан чиққан айрим кучлар» зиммасига юклаган. Бироқ бўғознинг келгуси бошқаруви юзасидан ўтказилган музокаралар ҳеч қандай келишувсиз якунланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид