Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида масофавий таълим асосида янгича ёндашув
Короновирус пандемияси даврида барча таълим муассасаларида ўқишлар масофавий тарзда ташкил этилиши белгилангандан сўнг, талабаларга зарурий билим ва кўникмаларни ўз вақтида бериш мақсадида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ҳам Вазирликнинг тегишли буйруғида белгиланган талаблар асосида масофавий таълим бўйича ўқув жараёни йўлга қўйилди.
Бинобарин, институтда 2019/2020 ўқув йилининг 2-семестридаги жами 187 та фан бўйича Moodle LMS тизимига барча фанлардан электрон ресурслар жойланди.
Жорий йилда институтнинг бакалавриат, магистратура, сиртқи таълим йўналишлари бўйича жами 600 дан ортиқ талабалар битириши режалаштирилган. Институт талабаларининг якуний назорат, давлат аттестацияси комиссиясини ташкил этиш ҳамда магистрлик диссертация жараёнларини ҳам сифатли ўтказиш бўйича масофавий Moodle LMS тизими ва ZOOM платформаси орқали ташкил этиш буйича барча зарурий чоралар кўрилган.
Институтимиз талабаларига қўлайлик яратиш мақсадида Moodle LMS тизимидаги юзага келадиган савол ва муаммоларни бартараф қилишга қаратилган «MoodleSamISI» телеграм гуруҳи ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу гуруҳда талабалар томонидан келадиган саволларга институт мутахассис - ходимлари ва профессор - ўқитувчилар томонидан тезкор тарзда шу вақтнинг ўзида жавоб берилиб, муаммолар бартараф этилмоқда. Институтимизнинг расмий сайти http://sies.uz ва турли ижтимоий тармоқлари, хусусан телеграм тармоғи орқали ҳам маълумотларни етказиб бериш йўлга қўйилган бўлиб, бунда бирор-бир талаба карантин вақтида жараёндан четда қолмаслиги, институт билан доимо боғланиб, алоқада бўлиб туриши эътиборга олинган.
Талабаларга масофавий билим бериш мақсадида институтнинг онлайн “СамИСИ кутубхона” си ҳам ташкил қилинган. Ҳозирда ушбу онлайн кутубхона телеграм тармоғи орқали ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу ерда талабалар фан юзасидан ўқув адабиётлар, бадиий асарлар ва бошқа туркумдаги электрон китобларни кутубхона ҳодимларига мурожаат қилиб олиш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан ўқишини Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига кўчирган талабалар учун ҳам ўқув режага кўра курсдаги фанлар бўйича фарқларни топшириш ҳамда ўқув жадвалидаги фанларни ўзлаштириш доирасида улар учун масофавий таълимни амалга ошириш борасида ҳамма шароитлар яратилди ва талабаларимиз масофавий дарсларда қатнашишмоқда.
Институтда қўшма таълим дастури асосида таҳсил олаётган талабалар Қозон федерал университети профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этилаётган масофавий таълим дарсларида фаол иштирок этиб, зарурий билимларни олиш имкониятига эга бўлмоқда. Шунингдек, институтда халқаро ҳамкорликларни давом эттириш ва уларни кучайтириш масалалари ҳам карантин бўлишига қарамай тӯхтаб қолгани йўқ. Жумладан, Кореянинг Woosuk (Восук) университети билан ҳамкорликни ўрнатиб талабалар алмашинуви, икки томонлама диплом дастурларини жорий қилиш, корейс тили марказини очиш юзасидан июнь ойида ушбу масалани муҳокама қилиш мақсадида Корея университетининг халқаро алоқалар комитети раҳбари Чой Хюнг-Кью, проректор Донг-Жу ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти раҳбарияти ӯртасида Zoom платформаси орқали онлайн учрашув ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумладан, институтда педагогик жараёнлар билан бир қаторда, илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик жараёнлар ҳам давом этмоқда. Жорий йилнинг 5 май куни «Хизмат кўрсатиш соҳаси тармоқларида бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудитнинг долзарб муаммолари» мавзусида онлайн режимида республика илмий-амалий конференцияси ZOOM платформаси орқали ташкил этилди.
Онлайн режимида ўтказилган республика илмий-амалий конференциямизда бошқа бир қанча олий таълим муассасалари ва ташкилотлар, жумладан, Қозон федерал университети, Россия кооперация университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Фарғона политехника институти ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси» бошқармаси ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг илмий тадқиқотчилари ўз маърузалари билан ZOOM платформаси орқали иштирок этишди.
Бинобарин, институтда жорий йилнинг май, июнь ойларида яна 3 та республика миқёсида илмий-амалий конференция онлайн тизимда ўтказилади.
Шунингдек, талаба-ёшларнингилмийсалоҳиятиниошириш, уларни келажак ҳаётга тўғри йўналтириш мақсадида институтда «Талаба илмий-ижодий ишланмалари» бўйича май ойида онлайн республика конференциясини ZOOM платформаси орқали ўтказиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Институт ҳузурида бир қанча техникумлар ташкил этилди, жумладан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳузуридаги Каттақўрғон иқтисодиёт техникумида ҳамда Чархин иқтисодиёт ва сервис техникумида 6 тадан йўналиш бўйича талабаларни тўлов-шартнома асосида қабул қилиш таклиф этилди. Шунингдек, ушбу техникумларни муваффақиятли тамомлаган ёшларни суҳбат асосида институтга қабул қилиниши ҳам режалаштирилган.
Институтда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида талабалар ўртасида видеолавҳалар танлови ўтказилди. Унда институт талабалари ўзларининг қизиқишлари юзасидан видеоларни тасвирга олишди ва бу видеолавҳалар институтнинг расмий саҳифаларига жойланди. Ғолиб ва совриндор талабалар соҳа юзасидан ҳар бир ташаббус доирасида муносиб тақдирландилар.
Бир сўз билан айтганда, пандемия шароитида бўлса-да, карантин талабларига риоя қилган ҳолда институтда ўқув, илмий, маънавий-маърифий жараёнларнинг тизимли ташкил этилиши талабаларни юқори билим олишига, етук мутахассис ва маънавиятли инсон бўлиб шаклланишига барча шарт-шароитлар яратилган.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ахборот хизмати
Мавзуга оид
10:53
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024