Ўзбекистон | 00:14 / 14.05.2020
27217
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда яна 10 кишида касаллик аниқланган, Фарғона ва Бухорода ижобий вазият сақланиб қолмоқда

Самарқанд, Навоий ва Наманган вилоятларида эпидемиологик вазият оғирлашиши давом этмоқда. Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларида эса сўнгги кунларда янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг телеграм каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвали келтирилди.

Унга кўра, айни вақтга келиб Ўзбекистонда коронавирус беморларининг 79 фоиз қисми (2076 киши) тузалган. Ҳудудлар кесимида олинса, бу борада энг яхши кўрсаткичлар Фарғона (99 фоиз), Бухоро (98 фоиз) ва Андижон (96 фоиз) вилоятлари энг юқори соғайиш кўрсаткичларини қайд этмоқда. 

Сўнгги кунларда янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилиши бўйича Тошкент ва Самарқанд етакчилик қилмоқда, сўнгги бир кунда Тошкентда 44 кишига, Самарқандда 10 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Тошкент шаҳридаги ҳолатлар хориждан келиб, карантинга олинган фуқаролар орасидан тасдиқланган беморлар ҳисобига ўсмоқда, Самарқандда эса вазият оғирроқ - асосан беморлар билан алоқада бўлиш оқибатида вирус юқтириш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Самарқандда сўнгги уч кунда жами 41 киши шифохонага ётқизилди, бир киши вафот этди. Вилоятда шу вақтгача 214 кишида вирус аниқланган, шу вақтгача 103 киши (48 фоиз) тузалган, 110 киши даволанишни давом эттирмоқда.

Тузалиш кўрсаткичлари бўйича энг ёмон ҳолат Навоийда - 12 фоиз. Бир муддат коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турган бу вилоятда 9 май куни яна янги ҳолатлар аниқланганди. Дастлаб 6 кишида вирус қайд этилганди, 11-12 май кунлари беморлар сони 9 нафарга ошди ва айни вақтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 15 бемор даволанмоқда.

Сўнгги бир кунда Наманган (+6), Қорақалпоғистон (+3) ва Сирдарёда (+2) ҳам беморлар сони ўсди. Наманган ва Сирдарёда ҳар куни янги ҳолатлар қайд этилмоқда.

Ўз навбатида Фарғонада 6 майдан буён, Хоразмда 7 майдан буён, Бухорода эса 9 майдан буён янги ҳолатлар қайд этилмаган, лекин Хоразмда шифохонада қолаётган беморлар сони кўпроқ (23 нафар), Фарғонада 1, Бухорода эса 7 бемор қолган ва бу ҳудудлар тез орада коронавирусдан холи ҳудудга айланиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда янги касалланиш ҳолатлари сони тузалганлар сонидан кўп бўла бошлади. 

12 май куни жами 61та янги ҳолат аниқланди ва 52 бемор тузалганди. 13 май куни 65та янги ҳолат аниқланиб, 36 бемор тузалди.

  • Бугун кун давомида Бухоро, Фарғона, Хоразм, Самарқанд ва Қорақалпоғистонда беморларнинг навбатдаги гуруҳларига жавоб берилди, анча вақтдан буён биринчи марта Тошкент шаҳрида бирорта ҳам бемор соғайиб чиқмади. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 2612тага етган, шундан 2076 киши соғайган, 11 киши вафот этган, айни вақтда даволанаётган 525 нафар бемордан 12 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Бундан аввалроқ Самарқанддаги тиббий муассасаларнинг бирида бўлим мудири вазифасида ишлаётган фуқаро коронавирус инфекцияси белгиларини ҳис қилгани ҳолда, тиббий текширувдан ўтмасдан уй шароитида даволангани, жами 34 кишига вирус юқишида сабабчи бўлгани учун унга қарши жиноий иш очилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид