Жаҳон | 00:19 / 15.05.2020
7132
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия ички чегараларни очишни тавсия қилди. Европа мамлакатлари нималарга келишиб олди?

Австрия ЕИнинг барча давлатлари фуқароларига мамлакатга ҳар қандай мақсадда киришига рухсат берди.

Фото: EPA-EFE/GUILLAUME HORCAJUELO

13 май куни Еврокомиссия ЕИ ва Шенген ҳудуди давлатларига ушбу мамлакатлар аҳолисининг иттифоқ ҳудудида ҳаракатланишига қўйилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлашни тавсия қилди.  

Брюсселнинг қайд этишича, мамлакатлар ўртасида ҳаракатланишга қўйилган тақиқларнинг олиб ташланиши ЕИ ички бозори учун айниқса ёзги мавсум бошланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.  

«Бизда бу йил туристик мавсум бўлишига ишончимиз комил», — деди иқтисодиёт бўйича еврокомиссар Паоло Жентилони.

Шу билан бирга ЕИ ва Шенген ҳудуди ичида мажбурий бўлмаган трансчегаравий сафарларни чеклаш бўйича тавсиялар 15 июнгача ўз кучида қолади. Брюссель ушбу муддатгача Евроиттифоқнинг ташқи чегараларини очмасликка чақирмоқда.  

Европада биринчи бўлиб Болтиқ давлатлари ўзаро чегараларни очишга келишиб олди

Еврокомиссия биринчи навбатда давлатлараро чегараларни очишни тавсия қилмоқда ва айрим давлатлар бу борада ҳаракатни бошлади. Эстония, Латвия ва Литва 15 майдан ушбу давлатлар аҳолиси учала давлат ҳудудида бемалол ҳаракатланишига келишиб олди.  

Келишув доирасида автобус, поезд ва самолётларда трансчегаравий йўловчи ташиш, туристик компанияларга учала давлат ичида саёҳатлар ташкил этишга рухсат берилди. Чегарани кесиб ўтишдаги икки ҳафталик карантин бекор қилинди — Болтиқ ташқарисидан келганларгина карантинга олинади.

Яқин кунларда Болтиқ мамлакатлари ўртасидаги келишувга Финляндия ҳам қўшилиши кутилмоқда. Литва 12 майдан ишлаш ёки ўқиш мақсадида келадиган Польша фуқароларига ҳам мамлакатга киришга ижозат берди. Улар 14 кунлик карантинга жойлаштирилмайди, аммо Латвия ёки Эстонияга ўта олишмайди. 

Германия, Франция, Австрия ва Швейцария ўртасидаги чегаралар 15 июндан очилади

Марказий Европада ҳам трансчегаравий ҳаракатланишга нисбатан қўйилган тақиқлар бекор қилина бошланади. Германия 16 майдан Люксембург билан чегарасини тўлиқ очади, яқин вақт ичида Дания билан ҳам ана шундай келишув имзоланиши кутилмоқда. Германиянинг Австрия, Франция ва Швейцария билан чегараларида 16 майдан назорат юмшатилади.

15 июндан Германия, Франция, Австрия ва Швейцария ўртасидаги чегараларни тўлиқ очиш режалаштирилмоқда. 

Австрия ЕИнинг барча давлатлари фуқароларига мамлакатга ҳар қандай мақсадда киришига рухсат берди. Бунда улар мамлакатга киришдан олдин кўпи билан тўрт кун аввал коронавирус аниқланмагани тўғрисидаги тестни кўрсатишлари ёки икки ҳафталик карантинга боришларига тўғри келади.

Ўз навбатида, ушбу ҳудудда жойлашган Чехия Австрия билан чегарасини 8 июндан, Словакия билан чегарасини эса 15 июндан тўлиқ очишга тайёр. Германия билан чегараларни очиш борасидаги музокаралар ҳозирча якунига етгани йўқ, чунки Чехия ҳукумати у ерда касалланиш даражаси ҳали ҳам юқори эканлигидан хавфсирамоқда.

Аввалроқ Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель ЕИ мамлакатларини чегарани тезроқ очишга чақирган, бу иқтисодиёт ва туризм учун зарур эканлигини таъкидлаганди.

Мавзуга оид