22:44 / 16.05.2020
15267

Шомуродовнинг агенти: «Германиянинг бир қатор клублари билан музокара олиб бораяпмиз»

Фото: KUN.UZ

Россиянинг «Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовга Германия Бундеслигасининг бир қатор клублари қизиқиш билдирмоқда. Бироқ пандемия давридаги клубларнинг молиявий ҳолати сабабли музокаралар қийинроқ ўтмоқда. Бу ҳақда ProSportsManagement агентлиги раҳбари Герман Ткаченко «Футбол академияси» лойиҳасида маълум қилди.

«Яширмайман, Элдор Шомуродов трансфери бўйича Германиянинг бир қатор клублари билан музокара олиб бораяпмиз. Улардан бири биз билан суҳбатда очиқчасига шундай дейишмоқда: «Йигитлар, биз қишдан қолган пулларимизни шунчаки сарфлай олмаймиз, кимнидир сотишимиз керак. Сабаби, ҳомийларимизга қанчалик қийин бўлаётганлигини кўриб турибмиз. Шунга қарамай, улар бизни таъминлашда давом этишмоқда. Жамоа футболчиларидан ҳам 2-3 ой давомида маошларни қисқартириб туришни илтимос қилдик. Ҳали қарийб бир йил мухлисларсиз ўйнашимизга тўғри келади. Тўғри, ҳозир бизда маблағ бор, аммо буни трансфер учун сарфлаш тўғри қадам эканлигига ишонч ҳосил қила олмаяпмиз», - дея Герман Ткаченконинг сўзларини келтирмоқда Sports.ru сайти.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов «Ростов» сафидаги 11та голи билан Россия Премьер-лигаси тўпурарлари сафидан жой олган. Олдинроқ, чемпионат баҳслари 21 июндан давом эттирилиши маълум қилинганди.

Top