Жамият | 20:40 / 17.05.2020
7802
2 дақиқада ўқилади

Бектемир туманида навбатдаги эзгу амал: 60 нафар фуқаро соғломлаштириш учун шифохонага жойлаштирилди

Муқаддас Рамазон кунларида, халқимизнинг саховатпешалик анъаналарига мувофиқ яна бир эзгу режа амалга оширилди. Пойтахтнинг Бектемир туманида Иккинчи жаҳон ва Афғон уруши қатнашчилари, кексалар, ногиронлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлардан иборат 60 нафар фуқаро соғломлаштириш учун шифохонага бепул жойлаштирилди.

Бектемир туманидаги 6-сонли Тошкент шаҳар шифохонаси бугунги кунда барча шароитларга эга ва халқимиз саломатлигини тиклашда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу маскан Иккинчи жаҳон ва Афғон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилганлар, нуроний отахонлар ва дуогўй онахонларимиздан иборат 60 нафар фуқарони бепул соғломлаштириш учун ўз бағрига олди.

Давомли бўлиши кутилаётган бу эзгу ҳаракатда туманнинг тўртта сектор раҳбарлари, туман ҳокими Мамажанов Шоҳрух Бахтиёрович,  туман прокурори Атажанов Дониёр Юсупович, туман ИИО ФМБ бошлиғи Иминов Зиёд Галипович, туман ДСИ бошлиғи Давлатов Илҳомжон Ғуломжонович,  қатор ташкилотлар мутасаддилари ва депутатлар кенгаши котибият мудири Камолиддин Собиров қатнашдилар.

Секторлар раҳбарлари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда соғломлаштириш учун олиб келинган фуқароларни шахсан кутиб олдилар ва улар дам олиш хоналаридан тортиб ошхоналаргача кўздан кечирдилар.

Суҳбат чоғида Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Мамажанов:

– Туманимиз ҳудудида жойлашган бу шифохона яқинда бутунлай қайта таъмирланди ва замонавий усулда жиҳозланди. Янги деб ҳисоблашимиз мумкин бўлган бу масканда дастлаб нуронийларимизни қабул қилиш ва уларнинг дуоларини олишни мақсад қилгандик. Мана бугун улуғ айём кунларида шу режамиз амалга ошиб турибди ва бундан жуда хурсандмиз.

Отахон ва онахонларимиз соғ-саломат бўлсалар бўлгани, биз, туман мутасаддилари уларга хизмат қилишдан чарчамаймиз, – деди.

Таъкидлаш жоиз, шифохонанинг шинам хоналарида барча шароитлар яратилган, телевизор, музлаткич каби жиҳозлар ўрнатилган. Режаланган даволаниш кунларида фуқароларга турли концертлар ва кўнгилочар дастурлар тақдим этиш мўлжалланган. Тумандаги тадбиркор ҳомийлардан бири савоб умидида меҳмонлар учун барча озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид