Франция авиакомпанияси самолёти қўнишсиз давом этган энг узун ички рейсни амалга оширди
Франциянинг French bee лоукостери самолёти 15 май куни қўнишсиз давом этган энг узун ички рейсни амалга оширди.
Самолёт Франциянинг Таити оролидан Парижгача 16 минг кмдан кўпроқ масофани учиб ўтган ва аввалги рекордни янгилаган. Бу ҳақда компания ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
“Жаҳон рекорди янгиланди. French bee ўзининг Airbus A350-900 самолётида энг узун ички рейсни амалга оширганини фахр билан маълум қилади: Таити ва Париж (Орли аэропорти) орасидаги 16129 км масофа 16 соат 49 дақиқада учиб ўтилди”, деб маълум қилинган компаниянинг твиттердаги хабарида.
BFMTV телеканалининг хабар беришича, самолёт дастлаб 12 май куни Франциядан Таити ороли жойлашган Француз Полинезияси томон учган. Унинг бортида Франциянинг Тинч океанидаги денгизорти ҳудуди учун мўлжалланган 20 тонна дори-дармон бўлган. Сўнгра самолёт 15 май куни Таитидаги Фаа халқаро аэропортидан Парижга йўл олган.
Лоукостер раҳбари Мюриэль Ассулиннинг таъкидлашича, Airbus A350 самолёти “ёнилғи сарфи самарадорлиги бўйича дунёдаги энг илғор самолёт” ҳисобланади. Компаниянинг ҳаво ташувлари бўйича директори Людовик Андренинг қўшимча қилишича, рекордчи рейс ўртача 12500 минг метр баландликда 940 км/соат тезлик билан ўтган.
Март ойида Air Tahiti авиакомпанияси самолёти коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабабли Француз Полинезиясидан Парижга фуқаролик авиацияси тарихида, тажрибавий рейслар ҳисобга олинмаганда, энг узун рейсни амалга оширганди. Рекорд кутилмаганда ўрнатилган: одатда Таитида жойлашган Папеэте шаҳридан Парижга учувчи самолётлар Лос-Анжелесда оралиқ қўнишни амалга оширади. Бироқ АҚШ ҳукумати коронавирус тарқалиши хавфи сабабли Шенген ҳудудидан бўлган самолётларга ўз ҳаво ҳудудини ёпиб қўйган. Шу сабабли қўнишсиз давом этган 15715 кмлик рейс 16,5 соатда учиб ўтилган.
2019 йил октябрда Boeing 787-9 АҚШнинг Нью-Йоркидан Австралиянинг Сиднейига 19 соат 16 дақиқа давом этган қўнишсиз парвозни амалга оширган. Бироқ бу парвоз синов тариқасида ўтказилган.
Мавзуга оид
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
21:44 / 05.11.2024