Жаҳон | 11:26 / 17.05.2020
15781
2 дақиқада ўқилади

Пуэрто-Рикода АҚШ таркибига кириш бўйича референдум ўтказилади

Пуэрто-Рикода АҚШ таркибига янги штат бўлиб кириш масаласи бўйича олтинчи марта референдум ўтказилади. Овоз бериш ноябрда бўлиб ўтади, аммо Пуэрто-Риконинг АҚШга кириши бўйича якуний қарорни АҚШ конгресси қабул қилади.

Фото: Reuters

Оролнинг АҚШга кириши масаласи бўйича референдум ўтказилиши ҳақидаги қонунни Пуэрто-Рико губернатори Ванда Васкес имзолаган. Бу ҳақда Univision телеканали хабар берди.

Референдум маҳаллий сайловлар билан бир вақтда бўлиб ўтади, бироқ у АҚШ овоз бериш натижаларини қабул қилиши кераклигини назарда тутмайди. Бу борадаги якуний қарорни АҚШ конгресси қабул қилади.

Айни вақтда Пуэрто-Рико АҚШга эркин қўшилган ва АҚШ бошқарувидаги давлат ҳисобланади.
 
Пуэрто-Рико АҚШ томонидан 1898 йилдаги Испания-Америка уруши вақтида аннексия қилинган. Унинг бугунги кундаги халқаро-ҳуқуқий мақоми кўп жиҳатдан ўзаро зид ҳисобланади.

Пуэрто-Рико аҳолиси расман АҚШ фуқаролари ҳисобланса-да, бироқ АҚШ федерал бюджетига солиқ тўламайди ва президент сайловларида иштирок эта олмайди.

Оролдаги олий қонунчилик ҳокимияти АҚШ конгрессига тегишли ҳисобланади, бироқ вакиллар палатасида Пуэрто-Риконинг манфаатларини овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган комиссар-резидент билдиради.
 
Пуэрто-Рикода ижрочилик ҳокимияти губернатор қўлида мужассамлашган. Шунингдек, давлат АҚШ бюджетидан катта миқдорда ёрдам олади.

Бундай референдум сўнгги марта 2017 йил июнида ўтказилган бўлиб, ўшанда референдумга бойкотт эълон қилиниши ортидан давомат бор-йўғи 23 фоизни ташкил этган, бу эса сиёсий жараён натижасининг қонунийлиги юзасидан муҳокамаларни келтириб чиқарган эди. Ўша референдумда 3 миллиондан ортиқ аҳолига эга Пуэрто-Риконинг 500 мингдан зиёд фуқароси АҚШ таркибига киришни маъқуллаб овоз берган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид