АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, янги ҳужумлар тўғрисидаги буйруқни шахсан президент Доналд Трамп берган. Ҳарбийлар операциянинг аниқ нишонлари ҳақида маълумот бермаган, аммо унинг мақсади Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги ҳарбий имкониятларини
эканини таъкидлаган.
Бундан бир кун аввал CENTCOM Эрон ҳудудидаги 80 дан ортиқ объектга зарба берилганини маълум қилган эди. АҚШ маълумотига кўра, ҳужумлар Эроннинг ҳаво мудофааси тизимлари, қўмондонлик ва алоқа тармоқлари, қирғоқдаги радиолокация станциялари, кемаларга қарши ракета мажмуалари ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га тегишли 60 дан ортиқ тезюрар қайиқни нишонга олган.
Вашингтон бу ҳаракатларни Ҳўрмуз бўғозида савдо кемаларига қилинган ҳужумларга жавоб сифатида изоҳламоқда.
АҚШ Эрон нефтига қарши санкцияларни қайта тиклади
Янги ҳарбий амалиётлар бошланишидан олдин АҚШ маъмурияти икки ҳафта аввал бекор қилинган Эрон нефтига оид санкцияларни яна кучга киритди. Бу қарор Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан босимни янада кучайтириш сиёсати давом этаётганини кўрсатади.
Эрон АҚШни келишувни бузишда айблади
Америка зарбаларидан кейин Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Ҳўрмуз бўғозида эркин кема қатновини таъминлаш бўйича меморандум шартларини бузганликда айблади.
Вазирлик расмий вакили Исмоил Бағоий Вашингтон бир томонлама ҳарбий ҳаракатлари билан келишувни амалда бекор қилганини билдириб, Эрон ўз суверенитети ва миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришини маълум қилди.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари мамлакат раҳбарияти АҚШнинг биринчи ҳужумларига жавоб чораларини бошлаганини хабар қилди. Кувайт ва Баҳрайн ҳукуматлари ўз ҳудудига томон Эрон томонидан ракета зарбалари берилганини маълум қилди.
Бу ҳужумлар учун жавобгарликни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўз зиммасига олди. ИИМК баёнотига кўра, зарбалар АҚШнинг Кувайт ва Баҳрайндаги ҳарбий объектларига қарши амалга оширилган.
Трамп: Эрон билан ишлашни истамайман
НАТО саммити доирасида журналистлар саволларига жавоб берган Доналд Трамп Эрон билан тузилган ўт очишни тўхтатиш келишуви амалда тугаганини айтди.







