21:34 / 18.05.2020
7143

АҚШда 118 йиллик тарихга эга дўконлар тармоғи банкрот бўлганини эълон қилди

Американинг J.C.Penney Co дўконлар тармоғи эгаси коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз оқибатида банкрот бўлганини эълон қилди.

Фото: BLOOMBERG /MICHAEL NAGLE

Компания АҚШнинг банкротлик тўғрисидаги кодекси 11-моддасига мувофиқ реорганизация ўтказади.

Компания баёнотида айтилишича, АҚШ чакана савдо соҳаси коронавирус пандемияси сабабли "мутлақо янги воқелик билан тўқнаш келди. Бу компаниядан "ходимлар, мижозлар ва ўз келажагини ҳимоя қилиш учун бизнесни бошқарув борасида мураккаб қарорлар қабул қилишни талаб қилмоқда", дейилади J.C.Penney бош ижрочи директори Жилл Солтау томонидан.

J.C.Penney акциялари банкротлик тўғрисида эълон қилинганидан сўнг 30 фоизга арзонлаган.

Компания дўконларнинг бир қисмини ёпишни режалаштирмоқда.

J.C.Penney 118 йил илгари ташкил этилган бўлиб, юз йил давомида АҚШдаги асосий дўконлар тармоқларидан бири бўлиб келганди.

Аввалроқ АҚШдаги "люкс" тоифасидаги дўконлар тармоғига эгалик қилувчи Neiman Marcus Group Inc., ундан ҳам олдин эса J.Crew ритейлери банкрот бўлганини эълон қилганди.

Top