Жамият | 19:04 / 18.05.2020
15236
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчи юк машинасини Ғаллаоролдан ўтказиб қўйиш эвазига ИИБ ходимига катта пора таклиф қилди

16 май куни Ғаллаорол туманида чигит ортилган юк машинасини ноқонуний тарзда ҳудуддан чиқариб қўйишни сўраб, ИИБ ходимига пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Фото: Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабар қилинишича, Ғаллаорол туманининг «Мулкуш» ҚФЙ ҳудудида «КамАЗ» русумли юк автомашинасидан бошқа юк автомашинасига чигит маҳсулоти ортилаётгани ички ишлар ходимларининг эътиборини тортган. Суриштирув давомида «Камаз» русумли автоулов ҳайдовчиси — Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани яшовчи, 49 ёшли А.А эканлиги аниқланган.

У аввал ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси, 1-қисми (пора бериш) билан судланган. А.А. чигитни Қашқадарё вилоятининг Косон туманида жойлашган «Қарши-Косон экстракт ёғ» заводига олиб кетаётганини маълум қилган.

«Ички ишлар органлари ходимлари ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатларни расмийлаштиришга киришганларида, ҳайдовчи ҳужжатларни расмийлаштирмаслик, тергов органларига ўтказмасликни илтимос қилган. Қолаверса, юк машинасини чигит маҳсулоти билан бирга Ғаллаорол тумани ИИБ ҳудудидан чиқариб бериш эвазига капитан Ф.Жомуродовга 8 миллион сўм пора таклиф қилган. Тезкор вакил ҳайдовчини унинг бу хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканлиги тўғрисида бир неча марта огоҳлантирган.

Аммо ҳайдовчи фикридан қайтмаган. Натижада капитан Ф.Жомуродов мазкур ҳолат тўғрисида ИИВ ўз хавфсизлик бошқармаси Жиззах вилояти бўлимига маълум қилган. Ушбу маълумот асосида тезкор тадбир уюштирилган ва ҳайдовчи ички ишлар органлари ходимига 6 миллион 950 минг сўм ҳамда 150 АҚШ доллари берган вақтда холислар иштирокида ушланган.

Айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади ИИБ ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид