Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Борадиган жойимда «стоянка» бормикин?» – Автотураргоҳлар муаммоси қачон ечим топади?
Мамлакатимизнинг шаҳар ҳудудлари, айниқса, Тошкент шаҳрида автотураргоҳлар муаммоси аллақачон жиддий масалага айланиб улгургани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур масала «Пойтахт» савдо маркази рўпарасидаги бепул автотураргоҳ ўрнида қурилиш олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг яна кун тартибига чиқди.
Маълумки, йилдан йилга мамлакатимиз аҳолиси сони ва унга мос равишда автомашиналарнинг саноғи ҳам ошиб бормоқда. Бу эса автотураргоҳлар масаласини тезроқ ва тизимли тарзда ҳал этишни тақозо қилмоқда. Агар мазкур муаммо бугун бартараф этилмаса, эртага чиндан ҳам, игна ташласак, ерга тушмас ҳол юзага келиши тайин.
Ҳозирданоқ пойтахтимизда аҳвол шу даражага келдики, шахсий автомобилда бирор жойга боришни режалаштирган бўлсангиз, рулга ўтирар-ўтирмас миянгизда бир савол чарх ура бошлайди: «Ишқилиб, борадиган жойимда «стоянка» бормикин?». Чунки бир-икки марта азбаройи яқин-атрофда автотураргоҳ йўқлиги ёки бори ҳам тўла бўлгани, қолаверса, ҳаммаёққа тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланиши ҳақидаги белгилар қўйиб ташлангани учун машинангизни йўл ёқасида қолдиришга мажбур (!) бўлгансиз. Бозорлар атрофини-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади.
Кейин... Кейини эса ҳаммамизга яхши маълум: не кўз билан кўрингки, лотереянгизга «ютуқ» чиққан бўлади. Нима ҳам қилардингиз? Муздеккина бўлиб отнинг калласидек жаримани тўлаб келасиз. Кўпчиликка таниш манзара.
Ахир, ўша пулга оилангизга бир нима кўтариб боришингиз ёки бола-чақангиз эҳтиёжига кўра бирор нарса олиб беришингиз мумкин эди. Лекин пешона тери билан топган пулингиз ҳавога учади-кетади. Табиийки, мана шундай вазиятдан сўнг шаҳарда автотураргоҳлар қуриш ҳақида бош қотирмаётган, энг ёмони, борини ҳам йўқ қилаётган мутасаддиларни эсга оласиз.
Қизиқ, бирор жарима турини ўйлаб топиш ва амалга татбиқ этиш керак бўлса, хорижликларга ҳам дарс бериб қўйилади. Аммо муаммо ечимини топишга келганда ҳамма бирдан ўз хизмат ваколатига нималар кириши-ю нималар кирмаслиги ҳақида эслаб қолади.
Ҳали ҳовури қайтиб улгурмаган янгиликлардан бирини олайлик. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилган ҳолда эндиликда хизматда махсус планшетлар қўллана бошланди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойбергановнинг маълум қилишича, энди йўл-патрул инспектори билан ҳайдовчининг мулоқотига ҳожат бўлмайди. Яъни тақиқланган жойда қолдирилган автотранспорт воситаси планшетда суратга олинади ва автомобил рақами махсус базага киритилади. База эса онлайн тарзда ишлагани учун ҳайдовчининг яшаш манзилига «суюнчи хати» жўнатилади.
Гап йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш ҳақида борар экан, бундай инновацияларни икки қўл билан маъқуллаш мумкин. Тўғри, қоидани бузганлар тегишли тартибда ўз жазосини олсин. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Хўш, ҳайдовчи белгиланмаган жойда автомашанасини нима сабабдан қолдирган? Иложсизликдан эмасми? Унга ўз автомашинасини тегишли жой ёки ва автотураргоҳга қолдириши учун етарлича шарт-шароит борми? Бугун пойтахт кўчаларида ҳаракатланаётган машиналар сони ва мавжуд автотураргоҳлар миқдори қай даражада бир-бирига мос? Нега тегишли шароит яратмай туриб, талаб қилиш ва жаримага тортиш тенденцияси тобора кучайиб бормоқда?
Албатта, бу каби саволларнинг адоғи кўринмайди. Келинг, жаримага тортиш борасида чет элдан ўзлаштираётган айрим тажрибаларни аҳён-аҳён бўлса-да, мавжуд муаммога ечим топиш билан қувватлантириб туришни ҳам ўрганайлик.
Хўш, нима қилиш керак? Йирик ва шаҳар ва мегаполисларда автотураргоҳлар масаласи қандай ҳал этилади? Қуйида уларнинг айрим намуналарини келтириб ўтамиз.
1. Кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланадиган мазкур тизим автотураргоҳлар масаласини ҳал қилиш борасида энг кенг тарқалган усуллардан биридир.
Ушбу турдаги автотураргоҳлар тўлиқ автоматлаштирилиши ҳам мумкин. Гарчи уларни қуриш бироз қимматга тушса-да, аммо кейинчалик сиздан ортиқча «ош-нон» талаб қилмайди. Яъни ҳайдовчи автомобилни махсус қабул қилиш хонасида қолдиради, ақлли «лифт» эса уни бўш бўлмага ўзи жойлайди.
2. Ер остида автотураргоҳлар қуриш
Албатта, бу турдаги автотураргоҳларни бунёд этишда ҳудуднинг тупроқ таркиби, зилзилаларга бардошлилиги етарли даражада ҳисобга олиниши лозим. Яъни салгина кучли шамол эсса ёки ёмғир ёғса, метроларимиз қулаб, сув омборларимиз ўпирилиб тушаётган бир пайтда, бу борадаги илмий хулосани айтиш мутахассис-олимларимизга тан.
3. Аҳоли ўртасида кўпроқ ҳажми кичикроқ машиналар ёки велосипедлардан фойдаланишни кенг тарғиб қилиш
Сўнгги пайтларда юртимизда йўлтанламас типидаги автомашиналарга ҳавасмандлик кун сайин ортиб бораётганини ҳисобга олсак, буни амалга ошириш осон кечмайдигандек кўринади.
4. Янги қурилаётган ҳар қандай турдаги жамоат биноси ва кўп қаватли уйларнинг остки қисмида эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда автотураргоҳлар қуриш
Айрим мамлакатларда ушбу талаб мажбурий характерга эга.
5. Пойтахтни автомобиллардан холи ҳудудга айлантириш
Эсингизда бўлса, 2017 йилнинг айни шу кунларида таниқли архитектор Ян Гейл Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Ўшанда Нью-Йорк, Копенгаген, Сидней, Лондон, Мельбурн каби йирик шаҳарларни лойиҳалашга қўшган ҳиссаси сабаб кўплаб халқаро мукофотларга сазовор бўлган даниялик ушбу профессор Тошкентда асфальт жуда кўп эканини танқид қилган, шаҳарсозлик архитектурасида атроф-муҳит мусаффолигини асраш ва аҳоли учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиши, яшил майдонларни кўпайтириш, велосипед ва пиёдалар йўлаклари тармоғини ривожлантириш лозимлигини таъкидлаганди.
Исталган жойнинг «ичак-чавоғи» ағдарилиб, уйлар қурилаётгани ҳисобига яшил ҳудудлар тобора камайиб бораётган, неча йиллик дарахтлар юзтубан қулатилиб, нафасимиз тобора бўғилиб бораётган, шаҳар марказидаги қайноқ нуқталар эса «хорижий» компанияларга ноль қийматда топширилаётган айни пайтда Ян Гейлнинг танқидлари нақадар ўринли эканини яна бир бор чуқур англаб етяпмиз...
Отабек Тиллаев
Мавзуга оид
10:20 / 30.12.2025
31 декабрдан 4 январгача Poytaxt Parking тўхташ жойлари бепул бўлади
13:59 / 18.12.2025
Тошкент шаҳрига кириш жойларида автотураргоҳлар қурилади
19:56 / 07.12.2025
Ҳокимлик Нурафшонда прокуратура учун 4,5 млрд сўмга автотураргоҳ қурилаётгани ҳақидаги хабарлар бўйича изоҳ берди
09:48 / 20.11.2025