Ўзбекистон | 22:10 / 20.05.2020
21410
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш 2021 йилгача тўхтатилди

Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга асосан, қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилади.

Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йили тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни босқичма-босқич камайтириш ва турли идораларнинг норма ижодкорлиги ваколатларини чеклаш белгиланган эди.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат — вазирлик, давлат қўмитаси ва идора томонидан белгиланган тарзда қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид