Жамият | 21:35 / 20.05.2020
21109
3 дақиқада ўқилади

Президент янги ташкил этилган Тошкент музейини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни пойтахтдаги Адиблар хиёбони ёнида ташкил этилган Тошкент музейига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музейни ташкил этиш ҳақида давлат раҳбари шу йилнинг 11 январида пойтахтдаги бунёдкорлик ишлари билан танишув чоғида тавсиялар берган эди. Адиблар хиёбони ёнидаги бино реконструкция қилиниб, мазкур музей шу ерга жойлаштирилди.

«Буюк ипак йўлининг гавжум чорраҳасида жойлашган Тошкент асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат марказларидан бўлиб келган. Ватанимизнинг олтин остонаси бўлмиш пойтахтимиз бугунги кунда янада ривожланиб, гўзал ва обод мегаполислардан бирига айланиб бормоқда. Лекин шундай катта шаҳар шу вақтга қадар ўзининг музейига эга эмас эди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Тошкент шаҳри музейи 2200 йиллик тарихга эга бўлган ҳудуднинг қадим ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, илм-фани, маданияти ва санъатини ўзида акс эттиради. Ҳозиргача бу ерда мингга яқин экспонатлар тўпланган. Музей фондини бойитиш изчил давом эттирилмоқда.

Биринчи қаватда «Тошкент – илм-фан маркази», «Тошкент – бағрикенглик шаҳри», «Амалий санъат. Кундалик ҳаёт ва маданият» деб номланган экспозициялар ташкил этилган.

Иккинчи қаватда қадимий иш қуроллари, хўжалик буюмлари, қадамжоларнинг макетлари намойишга қўйилган.

Экспонатларга ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги матнлар билан шарҳ берилади. Мониторлар, инфокиосклар ва бошқа технологиялар ёрдамида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

«Бу биринчи қадам. Тошкентда илмий тадқиқотлар учун жуда катта манба бор. Лекин шу пайтгача яхлит ва тўлиқ ўрганилмаган. Энди 2200 йиллик тарихни даврма-давр ўрганиш, музейни ашёвий далиллар билан бойитиб, шаҳар цивилизациясини тўла юзага чиқариш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда илмий-тадқиқот институти ташкил қилиш, археологларга шароит яратиш, изланишлар натижаси бўйича китоблар чоп этиш зарурлиги таъкидланди.

Маҳалла ва мактаб ёшларини бу ерга олиб келиш, бошқа шаҳарларда ҳам шундай музейлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид