Тошкентда Ўзбекистондаги илк уч поғонали йўл ўтказгич очилди
«Пойтахтда енгил автомобиллар сони янада кўпайиши аниқ. Шунинг учун эртанги кунни олдиндан кўриб, кўчаларни кенгайтириш, кўприклар қуриш ишларини давом эттириш керак», – деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни Тошкент шаҳрида Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгични кўздан кечирди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, охирги уч йилда Тошкент шаҳрида енгил автомобиллар сони 95 мингтага кўпайган. Ҳудудлардан пойтахтга келиб-кетаётган машиналар сони ҳам ошмоқда.
Шу боис кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш мақсадида ўтган 3 йилда 4та йўл ўтказгич кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Оҳангарон шоссеси – Тошкент ҳалқа йўлининг бир қисми. Махтумқули кўчасининг янги қисми битказилгач, бу йўлларда транспорт ҳаракати янада ортган эди. Бу икки кўча кесишмасида 2018 йилда бошланган лойиҳа бу йил рўёбга чиқиб, ҳайдовчиларга катта қулайлик яратди.
Мазкур транспорт ечими уч поғонадан иборат бўлиб, туннел узунлиги 593 метр, ҳалқа шаклидаги ўрта поғона 29 метр, эстакада қисми 502 метрни ташкил этади.
Туннел ва эстакадада қатнов олти, ўрта поғонада эса беш қаторли.
Илгари бу чорраҳа соатига 7 минг автомашинани ўтказиш қувватига эга эди. Энди соатига 20 мингта транспорт воситасини узлуксиз ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Бу ерда светофор йўқлиги ҳам тўхтовсиз ҳаракатни таъминлайди.
Яна бир жиҳати – бу янги объект катта юкламани ўзига олиб, «Тошкент-Чимён» йўналиши бўйича масофани 22 километрга қисқартирди.
«Пойтахтда енгил автомобиллар сони янада кўпайиши аниқ. Шунинг учун эртанги кунни олдиндан кўриб, кўчаларни кенгайтириш, кўприклар қуриш ишларини давом эттириш керак», – деди президент.
Объектда 170та энерготежамкор ёритиш устунлари ўрнатилган, атрофда 15 минг квадрат метр майдон ободонлаштирилган.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024