Жаҳон | 01:34 / 22.05.2020
29799
4 дақиқада ўқилади

Комендантлик соати ва жамоат жойларида янги чекловлар. Дунё мамлакатлари бу йил Рамазон ҳайитини қандай кутмоқда?

Қарийб ярим йилдан бери давом этаётган эпидемия шиддати ҳамон пасайгани йўқ. Шу боис жуда кўплаб миллий ва халқаро миқёсдаги учрашувлар, тадбирлар, оммавий спорт мусобақалари ва байрамлар бекор қилиниши давом этмоқда. Афсуски, диний байрамлар, хусусан, бу йилги Рамазон байрами тадбирларининг ўтказилиши билан боғлиқ жараёнлар ҳам бундан четда қолаётгани йўқ. Кўплаб мусулмон мамлакатларида коронавирусга қарши кураш доирасида Рамазон байрами кунларини ҳам қамраб олувчи чекловлар жорий этишга мажбур бўлишмоқда.

Фото: Getty Images

Хўш, пандемия шароитида дунё мусулмон мамлакатлари бу йилги Рамазон байрамини қандай нишонлайди? Рамазон байрами намози ўқиладими?

Қуйида айрим мамлакатлар мисолида шу хусусда маълумот берилади.

Туркия

Covid-19 эпидемиясига қарши курашиш доирасида ушбу мамлакатнинг 81 вилоятида арафа куни ва Рамазон байрамини ҳам қамраб олувчи 4 кунлик комендантлик соати жорий этилди. Шу туфайли байрам куни тонгда масжидларда байрам намози ўқилмайди. Бу ҳақда мамлакатнинг диний ишлар бўйича Олий кенгаши раиси ўринбосари Зеки Саяр маълум қилди. У мусулмон биродарларга байрам куни эрта туришни, Қуръон ўқишни ва зикр қилишни, шу орқали бу йилги байрамга жон киритишни маслаҳат берган.

Аввалроқ Диёнат ишлари вазири Али Эрбош байрам намози ҳақида баёнот берганди.

«Байрам намози ўқиладиган пайт мусулмонлардан шукр ва тафаккур қилишларини, байрам намози онларини ўзлари ва оилалари, қолаверса, бутун инсоният учун дуо қилиб кечиришларини сўрайман. Тўғри, аввалги йиллардаги каби яқинларимизни зиёрат эта олмаймиз, аммо телефонлар ва рақамли технологиялар ёрдамида уларни албатта байрам билан табриклайлик, байрам гўзаллигини яшайлик», деди у.

Саудия Арабистони

Бу мамлакатда маъмурлар 24 соатлик комендантлик соати 23 май куни Ийд ал-Фитр байрами бошланиши кутилаётган пайтда кучга киришини эълон қилди. Ушбу чеклов 27 май, яъни байрамнинг сўнгги кунига қадар сақланиб қолади.

Ушбу ҳолат қиролликда яшовчилар учун чекловлар кучайганини англатади. Ҳайит байрами арафасида Саудия Арабистони фуқаролари ва аҳолисига эрталаб соат 09:00дан соат 17:00га қадар эркин ҳаракатланишга изн берилганди.

Саудия Арабистони муфтийси шайх Абдулазиз аш-Шайх байрам намозини уйда ўқиш учун фатво берди.

«Ҳозирги пандемик вазиятга ўхшаш бўлган алоҳида шароитларда Рамазон намозини уйда ўтказишга рухсат берилган», деди у «Сауди Газете»га берган интервьюсида.

Миср

Мисрда комендантлик соати саҳар соат 4:00дан кечқурун 17:00гача давом этиши ва 24 май – байрам кунидан эътиборан олти кунга жамоат транспорти тўхтатилиши маълум қилинди. Рамазон ойи охирида дўконлар, ресторанлар, парклар ва пляжлар дам олиш учун ёпилади. 

Марокаш

Covid-19 тадбирлари доирасида масжидлар ёпилгани туфайли ушбу мамлакатда Рамазон байрами намозини уйда ўқиш тўғрисида фатво берилди. Марокаш Олий Илмий Кенгашининг ёзма баёнотида Covid-19 тарқалиши хавфи мавжудлиги туфайли уйларда байрам намозини ўқиш жоиз экани айтилди.

Жазоир

Мамлакат бош вазирининг ёзма баёнотида Рамазон байрамининг биринчи кунидан бошлаб жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий эканлиги, кўрсатмаларга риоя қилмаганлар жазоланиши айтилди.

Аввалроқ ҳукумат Covid-19 тадбирлари доирасида Рамазон байрамининг дастлабки икки кунида 18 соатлик комендантлик соати жорий этилишини маълум қилганди.

Шунингдек, Ливан, Иордания ва бошқа мусулмон мамлакатлари ҳам байрам арафасида тўлиқ комендантлик соатларини эълон қилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 24 май куни нишонланади. Байрам карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши белгиланган.

Яқин вақтлар ичида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти эълон қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид