Ўзбекистон | 07:36 / 23.05.2020
12047
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» фаолияти бўйича қарор қабул қилиши кутиляпти

“Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси фаолияти тубдан такомиллаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Қурилиш вазирлигининг “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонасини “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этиш бўйича таклифига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қурилиш вазирлигининг “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятидаги улушини 51 фоиз миқдорида сақлаган ҳолда ва қолган 49 фоизи қонунчиликда белгиланган тартибда очиқ савдоларда салоҳиятли хорижий инвесторларга сотилишини таъминлайди.

“Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда тузилган шартномалар бўйича ҳуқуқий вориси эканлиги белгилаб қўйилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти билан биргаликда уч ой муддатда қонунчиликда белгиланган тартибда акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича тегишли чоралар кўради.

“Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланади:

шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

шаҳарсозлик йўналишидаги стратегик вазифаларни бажариш мақсадида шаҳарларда урбанизация масалаларини ҳал этиш ва амалга ошириш, шунингдек агломерациялар, мегаполислар ва метрополислар жойлашишини белгилаш;

ҳудудларни ривожлантиришни режалаштиришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш механизмини янада такомиллаштириш;

бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

лойиҳалаштириш жараёнида инновацион ёндашиш, жумладан BIM-технологияларини татбиқ этиш;

лойиҳалаштириш босқичларида барча жараёнларни тизимлаштириш ва оптималлаштиришни назарда тутган ҳолда ISO стандартлари асосида сифат менежменти тизимларини жорий этиш;

қурилишнинг илғор услубларини, замонавий ва энергия тежовчи қурилиш материалларини лойиҳа ечимларига татбиқ этиш;

лойиҳа ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, бунда илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда лойиҳалаштиришнинг замонавий илмий жиҳатдан асосланган технологик тартибларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

корхона ва ҳудудий филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий дастурий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда объектларни автоматлаштирилган тарзда лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларини жорий этиш;

лойиҳалаштириш жараёнларига замонавий меъёр ва стандартларни жорий қилиш, бунда халқаро стандартлар даражасида юқори технологик услублар ва ускуналарни қўллашни кўзда тутиш;

намунавий лойиҳалаштиришдан янада кенг фойдаланиш, ҳамда лойиҳаларни оптималлаштириш ва қийматини пасайтириш;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган хусусийлаштирилган ер участкаларини жойлашуви ва ер участкасидан фойдаланиш мақсадига алоҳида эътибор қаратиш;

лойиҳаларни талабга мувофиқ тўғри шаклланиши, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилишнинг барча босқичларида сифатли муаллифлик назоратини таъминлаш, уни белгиланган стандартлар, меъёрлар ва тартибларга мослаштириш;

мутахассисларнинг касбий даражасини тубдан ошириш, ёш иқтидорли мутахассисларни жалб этиш ва ривожланган хорижий давлатларда уларнинг малакасини ошириш;

штат жадвалига қурилиш ва лойиҳалаш соҳасида юқори малакага эга бўлган хорижий мутахассисларни (архитектор, муҳандис) жалб қилиш.

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” АЖда кузатув кенгашига икки нафар халқаро мустақил аъзони тайинлаш, кузатув кенгаши қошида қўмиталар ташкил этиш, ахлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги низом ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бошқа ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарувнинг энг самарали амалиётлари татбиқ этилишини таъминлайди.

“Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти лойиҳалаш ишларини амалга оширишда субпудрат ташкилотларини танлаш ҳамда бош режаларни ишлаб чиқиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган ташкилотлар рўйхатига киритилади.

“Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамиятига мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида қурилиш-лойиҳалаш йўналишида етарли тажрибага эга бўлган хорижий компанияларни ҳамда юқори малакали мутахассисларни ўзаро шартномалар асосида жалб этилишига рухсат берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда шаҳарсозлик ҳужжатларини сақлаш мақсадида “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” акциядорлик жамияти филиаллари учун вилоят марказларида давлат тасарруфидаги биноларнинг хусусийлаштириб берилишини таъминлайдилар.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

аҳоли пунктларининг ижтимоий иқтисодий ривожланиш салоҳиятидан келиб чиқиб, бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш устуворлигини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиладиган бош режалар ва ҳудудларни меъморий режалаштириш лойиҳалари молиялаштириш манбаларини аниқлайди.

Мавзуга оид