Ўзбекистон | 11:18 / 23.05.2020
9117
2 дақиқада ўқилади

Кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланяпти

Ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек кундузги таълим шаклида таълим олаётган йигирма икки ёшга тўлмаган болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу тушунчанинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилган.

Ҳозирда қонун лойиҳаси қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Яқин кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисига киритилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳа муҳокамасига бағишланган Ишчи гуруҳи йиғилишида қўмита аъзолари томонидан қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига “кўп болали оила” тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек кундузги таълим шаклида таълим олаётган йигирма икки ёшга тўлмаган болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
436-моддаси, Меҳнат кодексининг 68-моддаси ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси Оила кодексига киритилиши таклиф этилаётган қўшимчага мувофиқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги турли хил ёндашувлар бартараф этилишига, давлат ҳимоясига муҳтож бўлган кўп болали оилаларга ижтимоий адолат принципи асосида имтиёзлар берилишига, хусусан турар жой, ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан кенг фойдаланишга ҳуқуқий асос яратади ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, дейилади парламент сайтида. 

Мавзуга оид