Австрия полицияси пандемия сабаб ёпилиши керак бўлган ресторанда мамлакат президентига дуч келди
Вена полицияси коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида тунги соатларда ёпилиши керак бўлган рестораннинг ёзги айвонида мамлакат президенти Александер Ван дер Беллен ва унинг рафиқаси Дорис Шмидауэрни учратиб қолди.
Kronen Zeitung нашри полиция ахборотига асосланиб хабар беришича, полиция наряди тунги соат 00:20да «Sole» ресторани ёзги айвонида ичимлик ичиб ўтирган меҳмонларни учратган. Ваҳоланки ресторан ҳукумат фармойишига кўра тунги соат 23:00да ёпилиши, буюртмалар қабул қилмаслиги керак бўлган.
Бу меҳмонлар мамлакат президенти ва унинг рафиқаси бўлиб чиққан.
«Мен карантин давридан бери илк бор икки дўстим ва рафиқам билан тамадди қилишга чиққан эдим. Биз гап билан бўлиб, вақт ўтиб кетганини сезмабмиз. Мен чуқур таассуфдаман. Бу хато бўлди», — деган Ван дер Беллен нашрга.
«Агар ресторан эгаси бундан қандайдир жабр кўрса, мен бунинг учун масъулман», — деб ёзган Ван дер Беллен Twitter’да.
Ресторан раҳбари Аки Нуриддиний ҳам бўлиб ўтган воқеани тасдиқлаган.
«Президент — кўплаб санъат арбоблари каби, доимий хўрандамиз. Кечки таом сифатида балиқ тортдик. Биз ҳаммасини тўғри қилдик, сўнгги ичимликлар берилганидан сўнг қонунда кўрсатилганидек, роппа-роса 23:00да ёпилдик. Сўнг президент айвон остида рафиқаси билан суҳбат қурди, бошида мен ҳам улар билан бирга эдим», — дея ҳикоя қилган у.
Полиция ҳисоботи Вена магистрати директорига йўлланган, энди улар пандемия шароитида иш вақтига риоя қилинмагани учун ресторан эгасига 30 минг евро жарима қўллаш масаласини ҳал қилишади.
Ҳукумат фармойишига кўра, ресторанларга эрталаб соат 6:00дан тунги соат 23:00гача ишлашга рухсат этилган. Назарий жиҳатдан, меҳмонлар таом тортилгач, стол атрофида ўтиришлари мумкин, лекин уларга 23:00дан кейин ичимликлар ва таом берилмаслиги керак. Шу боис президент ва унинг рафиқаси жавобгарликка тортилмайди.
15 майдан бошлаб Австрия ҳукумати март ойида пандемия туфайли ёпилган ресторанларга ишлашга рухсат берган. Умумий овқатланиш мажмуаларининг иш вақти 6:00дан 23:00гача чекланган. Ресторан меҳмонлари аввалдан стол буюртма қилиб, бошқа шахслардан масофада ўтиришлари, персонал эса тиббиёт ниқоблари билан хизмат қилишлари керак. Бир стол атрофида тўрт кишидан зиёд катталар ўтириши мумкин эмас.
Мавзуга оид
13:10 / 23.10.2024
Австрия раҳбари канцлерга ҳукуматни шакллантиришни топширди
10:50 / 30.09.2024
Австриядаги сайловларда ўнг популистлар ғалаба қозонди
15:40 / 28.09.2024
Ўзбекистон ва Австрия ТИВ ҳамкорлик дастурини имзолади
12:58 / 27.06.2024