19:24 / 24.05.2020
21026

РПЛ тарихидаги ўрта осиёликлардан иборат рамзий жамоага Ўзбекистондан 7 футболчи киритилди

Фото: tribuna.uz

Sportbox.ru сайти Россия миллий чемпионати тарихидаги Марказий Осиё мамлакатлари миллий жамоасида тўп сурган футболчилардан иборат рамзий терма жамоани тузди. 

Рус нашрига кўра, СССР парчалангандан кейин Россия чемпионатида тўп сурган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистонда туғилган ёки ушбу мамлакатлар миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган 120 нафарга яқин футболчилар орасидан 11 нафар футболчи танланди.

Эътиборлиси, ушбу рамзий жамоадан ўз вақтида Ўзбекистон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган 7 нафар футболчи жой олган. 

Хусусан, дарвозадан Александр Поляков ўрин олган. «Крилья Советов» жамоаси собиқ посбони россиялик футболчи саналса-да, Ўзбекистон миллий жамоасидан ҳам таклиф олганди. 

Ҳимоячи Олег Пашинин ҳам Москванинг «Локомотив» клубидаги муваффақиятли ўйинлари сабаб Ўзбекистон миллий жамоаси учун «маҳаллийлаштирилган» эди. Ўнг қанотдаги ўзбекистонлик ҳимоячи Андрей Фёдоров «Рубин» шарафини муносиб ҳимоя қилган.

Яримҳимоядаги 4 футболчидан 3 нафари Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ва ҳозирги аъзоларидир. Жумладан, яна бир «маҳаллийлашган» Владимир Маминов таянч яримҳимоясидан жой олган бўлса, «Алания»да порлаган Миржалол Қосимов ва юлдузли «Анжи»да йўқолиб қолмаган Одил Аҳмедовга ҳам марказдан ўрин берилган.

Ҳужум чизиғидан эса Россия Премьер-лигаси тўпурарларидан бири бўлиб турган «Ростов» форварди Элдор Шомуродов танланган.

Шунингдек, таркибга Тожикистондан икки, Туркманистон ва Қозоғистондан бир нафардан футболчилар киритилди. 

Россия Премьер-лигаси тарихидаги ўрта осиёликлардан иборат рамзий жамоа:

Дарвозабон: Александр Поляков (Ўзбекистон)

Ҳимоячилар: Андрей Фёдоров (Ўзбекистон), Олег Пашинин (Ўзбекистон), Рашид Раҳимов (Тожикистон), Игорь Черевченко (Тожикистон)

Яримҳимоячилар: Владимир Маминов (Ўзбекистон), Миржалол Қосимов (Ўзбекистон), Одил Аҳмедов (Ўзбекистон), Дмитрий Хомуха (Туркманистон)

Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов (Ўзбекистон), Владимир Нидергаус (Қозоғистон).

Top