Спорт | 16:09 / 25.05.2020
5505
2 дақиқада ўқилади

Вьетнам футбол ўйинларига томошабинлар киришига рухсат берган дастлабки мамлакат бўлди

Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантиндан кейин Вьетнамда мамлакат чемпионати ва кубоги ўйинлари давом эттирилмоқда.

Фото: Twitter

Бу ҳақда мамлакат футбол федерациясининг «твиттер»даги расмий саҳифасида хабар берилган.

Вьетнам ҳукумати коронавирус пандемиясидан кейин мамлакатда футбол ўйинларини одатдагидек ўтказишга рухсат берган дунёдаги дастлабки мамлакат бўлди. Кубок ва чемпионат баҳсларига одатдагидек томошабинларнинг стадионга ташриф буюриб, жамоаларини қўллаб-қувватлашларига ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаган.

Қарийб икки ойлик танаффусдан кейин Вьетнам кубоги 1/16 финали доирасидаги дастлабки баҳс «Нам Дин» ва «Хоангань Зялай» ўртасида кечди. Минглаб мухлислар қаршисида ўтган ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучишди.

Маълумот учун, қарийб 100 миллион аҳолига эга Вьетнамда 25 май ҳолатига кўра, жами 325 нафар кишида коронавирус аниқланган бўлиб, улардан 267 нафари тузалган. Ўлим ҳолати қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жаҳоннинг аксарият мамлакатларида карантиндан кейин футбол учрашувлари давом эттирилган тақдирда ҳам, ўйинлар ҳозирча томошабинларсиз ўтказилиши ҳақида хабарлар берилганди. Шу жумладан, Ўзбекистон Суперлигаси ўйинлари ҳам танаффусдан кейин мухлисларсиз ўтказилиши маълум қилинган.

Мавзуга оид