BBC нашри социолог олимларнинг мулоҳазалари ва пандемиянинг кундалик ҳаётимизга қандай таъсир ўтказиши ҳақидаги дастлабки изланишлар натижаларини эълон қилди.
Локдауннинг беш босқичи
Австралия психологлари ассоциацияси раҳбари Мария Коллинз ўз мақоласида карантинда ёки ўз-ўзини яккалаш шароитидаги одамлар бошидан кечирадиган бешта асосий босқични санаб ўтди. Бу шкала 1969 йилда Доктор Элизабет Кюблер-Росс томонидан жорий қилинган қайғуни қабул қилишнинг анъанавий босқичларидан — «ишончсизлик (рад қилиш), ғазабланиш, тортишиш, тушкунлик, тан бериш»дан бир оз фарқ қилади.
Унинг фикрича, коронавирусдан изоляцияланиш босқичлари қуйидагича кўринади: «ишончсизлик (рад этиш), ғазаб, қайғу, кўникиш ва умид».
Коллинзнинг сўзларига кўра, кўпчилик март ойи ўрталари ва ойнинг иккинчи ярмида бошдан кечирган биринчи босқичда одамлар ўзларига ҳатто кўринмайдиган сабабга кўра ўз одатларини тубдан ўзгартириш ва ҳаётларини чеклаш зарурлигини рад этишди.
Одатий турмуш тарзи аллақачон барбод бўлган ва инсоннинг қўлидан мутлақо ҳеч нарса келмайдиган бир вақтда ишончсизлик ғазабга айланади. Умуман олганда, ўз хоҳиши билан ёки ташқаридан изоляцияланган одамлар бу босқични ҳам бошдан кечириб бўлишди.

Учинчи босқич – қайғуни – деразадан (одатда жуда гавжум бўладиган) бўш кўчага қараган, номаълум муддатга ёпилган дўконлар қатори ёнидан ўтаётган, ижтимоий тармоқларда ўша вақтгача абстракт тушунча бўлган коронавирус кимнингдир яқинини ҳаётдан олиб кетганини кўрган ҳар қандай одам ҳис қилади.
Мери Коллинз шкаласи бўйича, ҳозир аксариятимиз кўникиш босқичидамиз. Янги кундалик ҳаракатлар одатийга айланди. «Биз янги воқеликни – бу уй шароитида ишлашми ёки болаларнинг масофадан таълим олишими – қабул қиладиган даражага етиб келдик. Ёки ишсиз қолишнинг барча қийинчиликларини бошдан кечириб, эндиликда ҳукумат ёрдамини кутяпмиз», деб ёзади у.
Бешинчи босқич яъни некбинлик эса карантин чораларининг енгиллашиши билан бошланади. «Кўникиш босқичида асаб тизими барқарорлашади, сўнгра танада адреналин ишлаб чиқарила бошлайди, одамлар янада ижодкор ва самаралироқ бўлиб боради, идрок ўткирлашади», деб тушунтиради Коллинз.



















