Ўзбекистон | 11:53 / 26.05.2020
4677
2 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида визаси тугаган хорижий фуқароларни жойлаштириш воситасига қабул қилганлик учун жавобгарлик борми?

Хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари 2020 йилнинг 1 июнига қадар автоматик тарзда узайтирилган ҳамда уларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмаслиги белгиланган. 

Туризм қўмитаси пандемия даврида виза муддати тугаган хорижий фуқароларни жойлаштириш воситасига қабул қилганлик учун жавобгарлик бор ёки йўқлиги ҳақидаги масалага ойдинлик киритди.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссиянинг 2020 йил 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, мамлакатнинг барча ҳудудлари коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолати таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиқиб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилган.  

Мазкур баёнга кўра, “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда номерлари сони 10 тадан кўп бўлган меҳмонхоналар (ҳостеллар ва меҳмон уйлари бундан мустасно) фаолиятига рухсат берилган. Бунда меҳмонхоналар юқоридаги баён билан тасдиқланган Пандемия шароитида меҳмонхона хизматларини ташкил қилиш бўйича вақтинчалик йўриқнома талабларига қатъий риоя қилган ҳолда меҳмонларга хизмат кўрсатишлари шарт. 

Махсус комиссиянинг 2020 йил 18 апрелдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари 2020 йилнинг 1 июнига қадар автоматик тарзда узайтирилганлиги муносабати билан Интернет тармоғи орқали ихтисослаштирилган электрон автоматлаштирилган дастур (E-mehmon) ёрдамида тегишли муддатга қадар хорижий фуқароларни вақтинча рўйхатга қўйиш мақсадга мувофиқ. 

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 18 апрелдаги йиғилиш баёнига кўра, хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари 2020 йилнинг 1 июнига қадар автоматик тарзда узайтирилган ҳамда уларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмаслиги белгиланган. 

Мавзуга оид