Ўзбекистон | 18:27 / 27.05.2020
98349
3 дақиқада ўқилади

26 майда қайд этилган юқори ойлик ҳарорат аввал ҳеч қачон кузатилмаган - «Ўзгидромет»

Май ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво кузатилди. 

Бирин-кетин кучли момақалдироқли ёмғирлар ва шиддатли шамол, ҳатто дўл ёғишига олиб келган атмосфера жараёнлари ривожланди. Гарчи бу ҳодисалар кичик ҳудудларда кузатилган ва маҳаллий тавсифга эга бўлса-да, улар салбий оқибатларга олиб келди, деб ёзмоқда «Ўзгидромет»

Май ойининг охирги ўн кунлигида об-ҳаво «тинчланди» ва иссиқ авж ола бошлади. Об-ҳаво май ойининг бошидагига нисбатан салқин ҳаво ўрнини тўлдирди.

Ўтган дам олиш кунларидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида ҳаво жуда исиди. Ҳарорат кундан кунга кўтарилиб, кеча 26 май куни 35-39 даражани, жанубда 39-40 даражани ташкил қилди. Энг юқори ҳароратлар Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилди, бу жойларда кундузи ҳаво 40-42 даражагача, айрим чўл туманларида 44 даражагача қизиди.

Бундай ҳарорат кўрсаткичлари Ўзбекистонда май ойининг охири учун хос эмас. Республиканинг деярли барча минтақаларида шу куннинг ҳарорат рекордлари қайд этилди.

Ўзбекистон шимолида айрим жойларда бутун ой учун максимал ҳароратнинг янги рекордлари қўйилди. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидаги кўплаб метеорологик станциялар маълумотларига кўра, 2020 йил 26 майда қайд этилган бундай юқори ойлик ҳарорат аввал ҳеч қачон кузатилмаган.

Тошкентда май ойида энг юқори ҳарорат - 39,9 даража бундан анча олдин, 1902 йилда қайд этилган. Охирги 20 йил ичида энг юқори ойлик ҳарорат 2004 йилда кузатилган ва 38,6 даражани ташкил қилган. Қолган кузатув йилларида энг иссиқ йилларда Тошкентда май ойидаги ҳарорат 37 даражадан юқори бўлмаган. Республика жанубида бу йил май ойи охирининг ҳароратлари ўз рекорд қийматлари - 43-44 даражага етмайди.

Ойнинг охиригача республикада асосан қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республиканинг шимоли ва чўл зонасида шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 34-39 даража атрофида бўлади, мамлакат шимоли, жануби ва чўл зонасида 40-42 даражагача кўтарилади. 29–30 май кунлари ҳарорат бир оз (2-3даражага) пасаяди. Ёзнинг бошида об-ҳавода сезиларли ўзгариш бўлмайди.

Мавзуга оид