Жаҳон | 08:04 / 28.05.2020
27514
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея тажрибаси: коронавирусни юқтирганлар ҳақидаги маълумотни ошкор этиш карантиндан кўра самаралироқ

Коронавирус пандемиясининг дастлабки кунларидан бошлаб, Жанубий Корея ҳукумати касалланганларнинг жойлашуви ва борган жойлари ҳақидаги маълумотни ошкор қилмоқда. Бу уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузади, аммо инфекцияга қарши самарали курашишга имкон беради. Америкалик олимларнинг аниқлашича, Жанубий Корея ёндашуви нафақат кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қоляпти, балки иқтисодиётга ҳам катта зарар етказмаяпти.

Жанубий Корея коронавирус пандемиясига қарши кўплаб мамлакатларга қараганда яхшироқ курашмоқда. Унинг муваффақияти калити оммавий тестдан ўтказиш ҳамда касалланган одамларнинг алоқаларини кузатишдир. Бироқ, Сан-Диегодаги Калифорния университети мутахассислари бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи яна бир муҳим омилни аниқлади - инфекцияни юқтириш ҳолатлари тўғрисида маълумотларнинг ошкор этилиши.

Science Daily хабарига кўра, пандемиянинг биринчи кунидан бошлаб, жанубий кореяликлар ўз ҳудудларида COVID-19’нинг янги ҳолатлари аниқланганда матнли хабар олишмоқда. Бундан ташқари, касалланган кишиларнинг ёши, жинси ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақидаги маълумотларни махсус сайтдан топиш мумкин. Ушбу маълумотлар одамларга кўчага чиқиш хавфини баҳолаш ҳамда инфекция тарқалиши даражаси юқори бўлган ҳудудларга бормаслик учун ёрдам беради, бу кекса фуқаролар учун айниқса муҳимдир.

Натижада, ўз-ўзини изоляция қилиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаса ҳам, Жанубий Кореяда касалланишлар сони COVID-19 тарқалиши худди ўша саналарда бошланган бошқа мамлакатларга қараганда анча паст. Масалан, ўн миллион киши яшайдиган Сеулда май ойи охирига келиб касалликнинг тасдиқланган ҳолатлари сони 1000дан камни ташкил қилди.

Касалланганларнинг йўналиши ва алоқаларини кузатиш учун кузатув камералари маълумотлари, мобил телефонларнинг GPS сигналлари ва пластик карталардаги транзакциялар тўғрисидаги маълумотлар фойдаланилмоқда. Бу шахсий дахлсизлигини жуда жиддий равишда бузади. Бироқ, ҳукумат бунга ҳақли. Расмийлар буни 2015 йилда, яқин шарқ респиратор синдроми - коронавирус келтириб чиқарган яна бир хавфли инфекция тарқалганидан кейин олишди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Жанубий Кореянинг пандемия билан кураш стратегияси фуқароларга танлов учун кўпроқ имконият қолдирмоқда. Масалан, агар киши масофадан туриб ишлаши мумкин бўлса, у уйда қолади. Аммо, агар бунинг иложи бўлмаса, у шунчаки одатий йўналишни ўзгартиради ва касалланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларни четлаб ўтиб, ишга боради.

Муаллифлар фикрига кўра, касалланган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилиши оддий карантинга қараганда пандемияни самаралироқ жиловлаб туриш имконини беради.

Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ёндашув қўшимча равишда тўрт минг кишининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундан ташқари, бу иқтисодиётга камроқ зарар келтиради.

Қуйидаги рақамлар бўйича Корея стратегиясининг қанчалик самарали эканлигига баҳо бериш мумкин. Жанубий Кореяда пандемиянинг таъсири 2020 йил биринчи чорагида реал ЯИМнинг 1,4 фоизга пасайишига олиб келди. Бу бутун минтақаларини карантин билан тўсиб қўйган Хитойда ЯИМнинг 9,8 фоизга пасайишидан анча кам.

Мавзуга оид