Жаҳон | 23:31 / 28.05.2020
5848
2 дақиқада ўқилади

Трамп билан низо туфайли Twitter’ни Германияга кўчиб ўтишга таклиф қилишди

Германия иқтисодиёт вазирлигининг рақамли иқтисодиёт ва стартаплар бўйича вакили Томас Ярзомбек Американинг Twitter компаниясини Германияга кўчиб ўтишга таклиф қилди.

"Эй, Twitter ва Жек Дорси (тармоқ асосчиси), бу Германияга кўчиб ўтишга таклиф. Бу ерда ҳукуматни танқид қилиш ҳамда ёлғон хабарларга қарши курашишда эркин бўласиз. Бизда стартаплар ва технология компаниялари учун аъло экотизим мавжуд, компаниянгиз аъло даражада ўрнашади ва мен сиз учун барча эшикларни очаман", - деб ёзди Ярзомбек Twitter саҳифасида. 

У твитида АҚШ президенти Дональд Трампни қайд этиб ўтишни унутмади.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш ёки бутунлай ёпиб ташлаш билан таҳдид қилганди.

Бу Twitter Трампнинг хабарини “фейк хабар” сифатида белгилаганидан сўнг юз берди. 

Дональд Трампнинг Twitter’даги хабарида фойдаланувчиларни хабардаги фактларни текширишга чақирувчи белги пайдо бўлганди. Трамп ўз твитида почта орқали овоз бериш кўп сонли сохталаштиришларга олиб келиши мумкинлигини айтганди.  

Трампнинг хабари икки қисмдан иборат бўлиб, улардан ҳар бирида энди кўк рангли айлана ичида “Почта орқали овоз бериш ҳақидаги фактларга қаранг” деган ёзувли ундов белгиси қўйилди. Ушбу белгига босилганда у Twitter’даги махсус саҳифага йўллайди. Саҳифа Politico нашрининг “Трамп почта орқали овоз бериш натижаларнинг сохталаштирилишига олиб келиши ҳақида асоссиз баёнотлар бермоқда”, деб номланган сарлавҳали мақоласига ҳавола билан бошланади.

Сўнгра Трамп айнан нимани нотўғри айтгани санаб ўтилган.

Мавзуга оид