Жаҳон | 23:49 / 29.05.2020
14936
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусдан вакцинани татбиқ қилишда шошқалоқлик қилишнинг хавфи маълум қилинди

Ҳозирда бутун дунё бўйлаб ўнлаб тадқиқот лабораториялари томонидан ишлаб чиқилаётган коронавирусдан вакцинани оммавий татбиқ қилишда шошқалоқлик қилиш ярамаслиги, чунки иккиламчи таъсирлар хавфи юқорилиги маълум қилинди.  

Фото: envato.com

Бундай фикрни исроиллик иммунолог, профессор Яков Беркун билдирди. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, замонавий технологиялар вакциналарни ишлаб чиқиш, уларнинг самарали ва хавфсиз эканини текширишга талаб қилинадиган вақтни анча камайтириш имконини беради. Агар аввал вакциналар ўнлаб йиллар давомида ишлаб чиқилиб, текширилган бўлса, ҳозирда бунга ойлар ва саноқли йилларгина кетади. 

“2000-йиллардаги SARS эпидемияси вақтида вакцина тез топилиб, тез ишлаб чиқилган, уни текшириш эса 5 йил давом этган. Ҳозирда технологиялар муддатларни қисқартиришга имкон беради, бироқ қайси вакцина самарали эканини тушуниш учун вақт керак”, деб айтган Беркун.

У вакцина татбиқ қилиниши номақбул оқибатларга олиб келишига мисол тариқасида Исроилда 10 йил олдин ротавирусдан эмлаш билан боғлиқ воқеани эслаб ўтган. Ўшанда оғир гастроэнтерит чақирувчи вирусга қарши оммавий равишда эмлаш бошланганда, шифокорлар унинг оғир оқибатларига дуч келишган.

“Исроилда қўлланиши бошланган илк воситалардан бири минглаб одамларга оммавий тарзда берила бошлаганда, ичак инвагинациясини (ичак беркилиб қолишининг турларидан бири) келтириб чиқаришини кўришган. Тадқиқотлар тугаб, восита одамларга берила бошланган, сўнгра эса уни ишлаб чиқаришдан олишга тўғри келган. Ҳозир ҳам барча шошмоқда, бироқ кейин нима бўлишини билиш жуда муҳимдир”, деб огоҳлантирган мутахассис.

Бу орада Грецияда коронавирусга қарши силдан вакцина БЦЖни қўллаш режалаштирилмоқда. Аниқланишича, ушбу вакцинани олган одамларда респиратор инфекциялар ривожланиши хавфи 5 марта камроқ бўлар экан. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу чора коронавирусга чалиниш хавфи гуруҳига кирувчи одамларни ҳимоялашга имкон беради. 

Мавзуга оид