Миннеаполис бир неча кундан буён исён қилмоқда
Флойднинг ўлими хабарига жавобан Миннеаполисда полиция зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши намойишлар бошланиб кетди. Улар полиция бўлими биноси олдига марш қилиб келишди. Уларнинг аксари «Мен бўғилиб қолдим» ёзувли (Флойд ўлими олдидан шу сўзларни такрорлаган) ниқоблар тақишган. Айрим намойишчилар полиция машиналарига граффитилар чизишди ва полиция бўлимига тошлар улоқтиришди. Полиция тўпланганларни тарқатиш учун рангли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Чоршанба куни намойишлар яна давом этди. Кечга бориб намойишчилар полиция бўлимини ўраб олишди ва деразаларни синдиришди. Полиция яна кўздан ёш оқизувчи газ ҳамда резина ўқлар қўллади. Бундан ташқари, шаҳарда тартибсизликлар, талончилик ва биноларга ўт қўйиш бошланиб кетди: Миннеаполис марказида бир неча йирик ёнғин рўй берди, кўплаб дўконлар тўлиқ ёниб кетди.

Миннеаполисдаги намойишлар яна бир кишининг ўлимига сабаб бўлди. Намойишларнинг иккинчи кунида ломбард эгаси дўконни тунамоқчи бўлган тажовузкор намойишчиларни ўққа тутди. Натижада бир киши жароҳатланиб, шифохонада жон берди. Полиция гумонланувчини қўлга олган.

Пандемияга қарамай Миннеаполис кўчаларига юзлаб кишилар чиқишди / GETTY IMAGES
Кўздан ёш оқизувчи газдан жабрланган намойишчига ёрдам кўрсатилмоқда
Фото: Stephen Maturen / Getty Images

Ҳукумат ҳарбийлардан ёрдам сўради
Миннеаполис ҳукумати АҚШ Миллий гвардиясидан ёрдам сўраган. Миннесота штати ҳукумати шаҳарга ёрдам сифатида қўшимча полиция гуруҳларини йўллаган, энди ҳарбийлар ҳам шаҳарга кириши кутилмоқда.

Шаҳар мэри Жейкоб Фрей аввалроқ шаҳар аҳлига мурожаат қилганди: «Илтимос, Миннеаполис, биз бу фожиа навбатдаги фожиага олиб келишига йўл қўймаслигимиз керак. (...) Биз сиздан тинчликни сақлаб бизга ёрдам беришингизни сўраймиз».

Миннеаполисда намойишчилар устига газ пуркалмоқда
Фото: Stephen Maturen / Getty Images