Миннеаполис яқинидаги Бруклин-Сентер шаҳарчасида жойлашган полиция участкаси 20 ёшли Данте Райтни отган полициячи жазоланишини талаб қилаётган юзлаб намойишчилар томонидан ўраб олинганидан сўнг тўқнашувлар бошланган.
Шаҳарда комендантлик соати жорий қилинган, CBC телеканали хабарига кўра, Бруклин-Сентердаги барча мактаблар душанба кунидан ёпиқ бўлади.
Штат губернатори Тим Уолц вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилиб, Райтнинг оиласига ҳамдардлик билдирган.
Ҳозирда нималар бўлмоқда?
Якшанба куни кечқурун Миннеаполис марказидан бир неча километр шимолда жойлашган Бруклин-Сентердаги полиция участкасида махсус кийимдаги полициячилар намойишчилардан ҳимояланишди. Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллади.
Reuters агентлиги хабарига кўра, намойишчилар полиция автомобилларини тошбўрон қилган.
Brooklyn Center has 45 officers in its police department. Looks like most, if not all, are holding this line pic.twitter.com/9dlxlqkpZe
— David Schuman (@david_schuman) April 12, 2021
Маҳаллий нашрларда ёзилишича, тахминан худди шу вақтда шаҳардаги савдо марказига талончилар бостириб кирган, қўшни шаҳарча Бруклин-Паркдаги полиция участкаси эшиги томон ўқотар қуролдан ўқ узилган. Reuters шаҳар атрофидаги ҳудудларда жами 20дан ортиқ дўкон тунаб кетилганини хабар қилган.
Маҳаллий вақт билан тонгги соат олтигача комендантлик соати жорий этилгач, Бруклин-Сентер шаҳри мэри Майк Эллиот намойишчилардан тарқалиб, уйларига кетишни сўради.
«Илтимос, хавфсизликда бўлинг ва уйларингизга тарқалинг», дея ёзди у твиттердаги саҳифасида.

Миннесота миллий гвардияси хизматчиларининг бир қисми Бруклин-Сентерда бўлиб турибди, улар ўтган йил майида Жорж Флойдни ўлдириб қўйган собиқ полициячи Дерек Шовин устидан суд жараёни вақтида хавфсизликни таъминлаш учун шаҳар бўйлаб жойлаштирилган.
Данте Райт билан нима рўй берди?
Бруклин-Сентер полицияси маълумотига кўра, полициячилар якшанба куни йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун Данте Райтнинг автомобилини тўхтатишган. Ҳайдовчининг шахси текширилганида, у қидирувда экани маълум бўлган.















