Жаҳон | 23:59 / 08.06.2020
16607
6 дақиқада ўқилади

АҚШдаги норозилик намойишлари: сўнгги воқеалар ривожи

25 май куни Миннеаполисда полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган 46 ёшли Жорж Флойд полиция ходимининг узоқ вақт давомида тиззаси билан бўғиб туриши натижасида вафот этганди. Миннеаполисда бошланиб, бутун мамлакат бўйлаб тарқалган норозилик намойишлари қарийб икки ҳафтадан буён давом этмоқда.

Фото: Reuters

Бир-икки кишининг хатти-ҳаракати бутун тизим чириганини англатмайди

АҚШ адлия вазири Уильям Барр полиция зўравонлиги, мамлакат бўйлаб давом этаётган норозиликлар ва афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими ҳақида СBS телеканалига баёнот берди.

У қора танли америкаликларнинг тарихи ҳақида гап кетганда нима учун полицияга ишонмаслигига изоҳ берди.

«Ўтмишдаги кўплаб муассасаларимиз ашаддий ирқчи эди. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери тенгсизлик бўйича маълум бир ислоҳотлар амалга оширилди ва бу борада олдинга силжиш бўлди. АҚШда ирқчилик бор, аммо мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида у мавжуд, деб ўйламайман. Тўғри, авваллари Америка армиясида ирқчилик кузатиларди, бироқ ҳозир тенг имкониятлар яратилган. Полиция бўлинмаларида ҳам айни пайтда мазкур жараён давом этяпти. Ушбу соҳадаги ходимларнинг жуда кўпчилиги яхши инсонлар. Аммо ўз касбига нолойиқлар ҳам топилади. Бир-икки кишининг хатти-ҳаракати эса бутун тизимнинг чириганини англатмайди», деди у.

Миннеаполис полиция бўлими ёпилади

АҚШ оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Миннеаполис шаҳар кенгаши полиция зўравонлигига қарши давом этаётган норозилик намойишларига жавобан шаҳар полиция бўлими ёпилишини маълум қилди.

«Шаҳримиз Миннеаполис полиция бошқармаси билан заҳарли муносабатларини тугатишни режалаштирмоқда. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун эса янги тизим ишлаб чиқилади», деди Миннеаполис шаҳар кенгаши президенти Лиза Бендер.

Миннеаполис мэри Жейкоб Фрей эса полиция бўлимининг тугатилишини ёқламаяпти, у бунинг ўрнига ислоҳотлар ўтказилиши керак, деган таклифни илгари сурган. Аммо Жейкоб Фрей шаҳар кенгашидаги кўпчиликнинг қарорига вето қўйиш ҳуқуқига эга эмас.

Кўплаб шаҳарларда комендантлик соати бекор қилинди

Норозилик намойишлари тинч шаклда ўта бошлагач, Нью-Йорк, Чикаго ва Филадельфияда жорий этилган комендантлик соатлари бекор қилинди.

Нью-Йоркнинг турли қисмларида бўлиб ўтган норозиликларда бир гуруҳ намойишчилар «Овоз беринг ва Трампдан қутулинг» шиори билан Trump Tower олдида тўпланишди.

Трамп норозилик намойишлари 10 кун давом этган Вашингтонда миллий гвардияга ортга чекиниш ҳақида буйруқ берган.

Виржинияда эса 7 июнь оқшомида Америка фуқаролик уруши Конфедерация армияси генерали Картер Викҳемнинг ҳайкали йиқитилди.

Хабарларга кўра, президентликка демократик партиядан номзод Жо Байден Флойднинг 9 июнь кунги Ҳюстонда бўлиб ўтадиган дафн маросимига «ҳимоя ва экстремал хавфсизлик чоралари халақит бермаслиги»ни таъминлаш мақсадида 8 июнь куни марҳумнинг оиласига ташриф буюриши кутилмоқда.

Ҳюстон университети ҳам Флойднинг хотира маросимида қатнашишни истаганлар учун душанба кунги дарслар бекор қилинганини билдирди.

Полиция бюджети қисқартирилади

Нью-Йорк мэри Билл де Бласио тобора кучайиб бораётган ислоҳот талаблари доирасида полиция бўлими учун ажратиладиган бюджет қисқартирилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу қарор Нью-Йорк полицияси томонидан норозилик намойишларининг илк кунида намойишчиларга шафқатсиз муносабат бўлингани сабабли қабул қилинган. Нью-Йорк полиция бошқармасининг 6 миллиард долларлик йиллик бюджетининг қанча қисми қисқартиришига изоҳ бермаган Бласио маълум миқдордаги маблағлар ижтимоий хизматларга ажратилишини билдирди.

Полицияга қарши даъво очишни осонлаштирувчи қонун лойиҳаси

Калифорния штатининг Демократик вакиллар палатаси аъзоси Карен Басс CNN телеканалига берган интервьюсида полицияни ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгар қилиш, нотўғри буйруқ бериш ва қоидабузарликларни кузатиб боришга имкон берувчи қонун лойиҳаси 8 июнь куни тақдим этилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Полиция маданиятини ўзгартирадиган вақт келди. Ишонамизки, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ушбу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлади», деди Басс.

80 фоиз америкалик Флойд вафот этгач, мамлакатда назорат издан чиқиб кетди, деган фикрда

АҚШда Флойднинг ўлими, янги турдаги коронавирус Covid-19 эпидемияси ва 100 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келган миллий инқирозлар билан боғлиқ Wall Street Journal ва NBC News томонидан ўтказилган сўровнома натижалари эълон қилинди.

Унга кўра, республикачиларнинг 48 фоизи норозилик намойишлари уларни Флойднинг ўлдирилишидан кўра кўпроқ безовта қилганини айтди, демократларнинг 81 фоизи эса бунинг тамоман аксини айтмоқда.

Шунингдек, сўровнома иштирокчиларининг 80 фоизи Флойд полиция зўравонлиги туфайли вафот этгач, мамлакат назоратдан чиқиб кетди, деган фикрда.

Демократларнинг 75 фоизи Covid-19 эпидемиясининг олдини олиш ва нормал ҳаётга қайтиш учун бир йилдан кўпроқ вақт кераклигини, АҚШ президенти Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи республикачиларнинг 32 фоизи эса эпидемия назорат остидалиги ҳақида фикр билдиришган.

Сўровнома натижалари Трампнинг қўллаб-қувватлаш апрель ойига нисбатан 1 фоизга камайиб, 45 фоизга тушиб кетганини кўрсатсада, инқирозлар уни қўллаб-қувватлаш ставкасини деярли ўзгартирмаган. Жо Байденни эса халқнинг 49 фоизи қўллаб-қувватламоқда.

Иқтисодиёт ва ишсизлик каби муаммоларни ҳал қилиш масаласида америкаликларнинг 48 фоизи Трампга, 35 фоизи эса Байденга ишонишини билдирган.

Россия масаласи, эпидемия ва намойишлар жараёнида ўтказилган жами 18та сўров натижаси Трампни қўллаб-қувватлаш 43 фоиздан 47 фоизгача эканини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид