Ўзбекистон | 23:19 / 31.05.2020
11462
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors'га ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 31 кишидан жами 42 минг доллар йиғиб олган фирибгарлар қўлга тушди

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Kun.uz`га маълумот берди.

Хабар берилишича, Департаментнинг Асака туман бўлими томонидан «UzAutoMotors» АЖнинг бошқарма бошлиқлари ва бошқаларнинг мурожаатларига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда «U-C» қўшма корхонаси АЖ қўриқлаш хизмати бошлиғи А.Ю., корхона ҳайдовчиси Ж.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 31 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни тумандаги «UzAutoMotors» АЖга турли лавозимларига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига, 42 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Ҳолат юзасидан А.Ю. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармасидаги талон-торожликлар фош этилди

Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари «SH-T.» МЧЖ раҳбарлари билан олдиндан тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Хусусан, ушбу мансабдорлар тумандаги Қўчқорчи, Намуна, Лашкар ҳамда Дўстлик МФЙлардаги кўчаларни ёритиш учун 60 дона металл устун ва уларга тунги чироқларни ўрнатиш бўйича аслида ўтказилмаган танловда «SH-T.» МЧЖ ғолиб бўлгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузишган.

Шунингдек, юқоридаги кўчаларда 75,5 млн сўмлик металл устун ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган бўлса-да, ишлар тўлиқ бажарилгани ҳақида ҳужжатларни расмийлаштириб, жамият ҳисоб рақамига 278 млн сўмни ўтказиб, 202,4 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштиришган.

Ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари ҳамда «SH-T.» МЧЖ раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Самарқандда ижтимоий уй коменданти 1 хонали хонадон учун 4 минг доллар олган вақтида ушланди

Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ётоқхонаси ўрнида ташкил қилинган ижтимоий уй коменданти Л.Б. фуқаро С.Х.нинг ишончига кириб, уни алдаб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали мазкур коллеж ётоқхонасидан бир хонали хонадонни олиб бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Л.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Ургутда 5 минг долларни ноқонуний муомалага киритмоқчи бўлган валютафуруш қўлга олинди

Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш борасида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда фуқаро М.И. фуқаро У.С.га 5 минг долларни 51 млн сўмга сотган вақтида ушланган. Тадбир давомида 5 770 доллар, 200 рубль ва 3,7 млн сўм ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан М.И.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Бўстонлиқда қорамол харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди

«Микрокредитбанк» АТБ бошқаруви ва Халқаро тараққиёт уюшмаси билан «Қишлоқ хўжалик корхоналарини қайта қўллаб-қувватлаш дастури» буйича тузилган келишувга асосан, «Н.» МЧЖга чорвачиликни ривожлантириш, қорамол ҳамда ем-хашак маҳсулотларини сотиб олиш учун 495 млн сўм кредит маблағлари ажратилган.

Аммо, Департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, жамият раҳбари С.А. 50 бош қорамол харид қилиб, сўнгра ушбу қорамолларни 500 млн сўм нақд пулга сотиб юбориб, сотувдан тушган маблағларни банк муассасасига топширмасдан, ўзининг шахсий эхтиёжларига ишлатиб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Ҳолат юзасидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид