Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пандемиядан ўтаётган Ўзбекистон, давлат ташқи қарзи ва маҳаллийлаштириш — Осиё тараққиёт банки вакили билан суҳбат
Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини расмий Тошкентнинг пандемияга қарши чора-тадбирлари самарали эканини эътироф этди. У Kun.uz'га берган интервьюсида ушбу даврда юзага келаётган иқтисодий қийинчиликлар ҳақида сўзлади.
Алишер Рўзиохунов (журналист): Осиё тараққиёт банки яқин кунларда коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири бўйича маълумотларни янгилади. Суҳбатимизни шундан бошласак, киритилган янгиликлар ҳақида айтиб берсангиз.

Синди Малвичини (ОТБ): Ҳа, одатда банкимиз ҳар йили апрель ойида Осиё ривожланиш режаси номли ахборотномани эълон қилади. Сентябрда ушбу ахборотнома яна янгиланади. Жорий йилда анъанага содиқ қолиб, ахборотномани эълон қилдик ва унда коронавируснинг глобал иқтисодиётга таъсири ҳақида маълумот берилиши аниқ эди. Рақамлар кутилгандек қувонарли эмас: 3 ой ихоталанишда яшаш иқтисодиётга қарийб 4 триллион доллар зарар қилди. Агар муддат чўзилса, аҳвол яна ёмонлашади. Хусусан, Осиёда ҳам бу кузатилмоқда. Аммо Марказий Осиёдаги вазият дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби жуда ёмон эмас.
Шунга қарамай, бу минтақанинг иқтисодий салоҳиятига путур етказади. Масалан, бу Марказий Осиёдаги катта иқтисодиётга эга Ўзбекистон учун тараққиётни бир йил ортга суриши мумкин.
А.Р.: Ҳа, бу катта масала. Бошқа тарафдан хом-ашё етказиб бериш масаласида ҳам муаммолар бошланган. Кейинги даврда маҳаллийлаштириш сиёсати устунлик қилиши ҳақида миш-мишлар юрибди. Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?
С.М.: Хом-ашё ва деталларни етказиб беришдаги қийинчиликлар аллақачон йирик компаниялар олдида пайдо бўлганди. Унинг оқибатида иш ўринлари қисқариб, талаб пасайиши кузатилди. Маҳсулотларни экспорт қилиш ҳам қийинлашди. Аммо соғлиқни сақлаш тизимида нарсаларни етказиб бериш масаласи бироз қийинчиликка айланди.
Ҳукуматлар пандемияда масалага жиддий ёндашмоқда. Ўзбекистон соғлиқ сақлаш тизимига ҳам вирусга қарши самарали кураш олиб бориши учун бир қанча тиббий ашёлар керак. Сунъий нафас берувчи аппаратлар, тиббиёт ходимларининг ҳимоя воситаларидан тортиб, ялпи тест ўтказиш учун ресурслар зарур. Талаб кескин ошяпти. Албатта, Ўзбекистон тиббий ҳимоя воситаларни ишлаб чиқаради ва бунда давом этяпти. Аммо барча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тиббий ҳимоя воситаларини халқаро стандартларга мос тайёрлашни билмайди. Балки биз кўп нарса маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришимиз мумкиндир, кичик ва ўрта тадбиркорлар халқаро стандартларга мос товар ишлаб чиқариб, уни бозорга олиб чиқиши учун бироз тажриба керак.

А.Р.: Бу вазият минтақада сақланиб қолаверадими?
С.М.: Ҳа, сақланиб қолади. Лекин ОТБ барча имкониятларни ишга солиб, халқаро савдони рағбатлантиришга уринмоқда. Масалан, боғдорчиликка катта эътибор қаратяпмиз. Фермерлар Қозоғистон ва Россиядан ўтиб, Осиёнинг бошқа давлатлари, бундан ташқари Европага ҳам маҳсулотларни экспорт қилишни истаса, стандартларга мослашиб ишлаши керак. Бу яна логистика масалаларини юзага чиқаради. Биз қишлоқ хўжалигида логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, фермерлар бозорни яхши ўрганиши ва билиши керак.
А.Р.: Шу масалага оид бошқа саволим бор: етказиб беришда қийинчилик пайдо бўлиши билан озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида ўйлай бошладик. Қолаверса, Ўзбекистонда экин ва суғориладиган ерлар кам. Бу масала жиддий тус олиши нечоғлик ҳақиқат?
С.М.: Менимча барча давлатлар сингари ҳукумат пандемияда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини яхши англаган ҳолда иш олиб борди. Бошқа давлатларга солиштирганда, сиз нархнинг кескин ошиб кетиши, бозорларнинг бўшаб қолишига дуч келмадингиз. Менинг ўз Ватаним - АҚШда бундай вазиятлар кузатилди.
Қишлоқ хўжалиги яхши ишлади, деса бўлади. Юк машиналари фаолияти тўхтаб қолмади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири хориждаги ҳамкасблари билан доимий алоқа ўрнатганини кузатдик.
Шунга қарамай, пандемияда аҳолининг кўпчилиги қашшоқлашди. Кўпчилик ишини йўқотди, йўқотмаган ҳолатда ҳам ишлай олмади.

А.Р.: Шу вақтда Ўзбекистон давлат ташқи қарзи ўсиб бориши бироз хавотирга сабаб бўлади. Сиз бу ҳақда қандай ўйлайсиз? Мамлакат шу масалада пайдо бўладиган муаммони қандай ҳал этиши лозим?
С.М.: Ташқи қарз масаласига жиддий қарашади. Биз қарз беришимиздан аввал иқтисодий барқарорлик таҳлилини олиб боришимиз керак. Ўзбекистон бугун бу борада анча мустаҳкам, кўп қарз олмаган. Олинган қарзлар эса иқтисодий самара берадиган лойиҳаларга сарфланади. Масалан, инфратузилма ва қишлоқ хўжалигига кўп маблағ йўналтирилган. Молия вазирилиги структурасида давлат ташқи қарзини бошқариш бошқармаси мавжуд. Бу ҳам яхши.
Шунингдек, биз ҳукуматга техник кўмак кўрсатамиз, анжуманларни ташкил этамиз. Умуман олганда, бу масала доимо назоратда бўлиб келган. Жамоатчилик буни назардан қочирмаётгани қувонарли, албатта. Қолаверса, давлат бюджет сарфини ошкор этяпти, халққа кўпроқ ва шаффоф маълумот беришга интилмоқда. Биз ҳам ажратилган маблағнинг ўз жойига етиб боришини кузатамиз.
Синди хоним суҳбат давомида пандемиядан азият кўрган хусусий секторнинг сояга кетиши ва ноформал бозор ўрни мустаҳкамланиши ҳақида фикрини билдирди. Интервьюни тўлиқ Youtube'да томоша қилишингиз мумкин.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
07:23 / 05.05.2026
Президент Самарқанддаги ОТБ йиғилишида муҳим ташаббусларни илгари сурди
20:31 / 03.05.2026
Осиё тараққиёт банки президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
17:27 / 18.11.2025
Президент Осиё тараққиёт банки раҳбари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди
14:44 / 18.11.2025