Жаҳон | 15:27 / 01.06.2020
9208
2 дақиқада ўқилади

Вашингтондаги тартибсизликлар давомида АҚШ махфий хизматининг 50дан ортиқ ходими жароҳатланди

Вашингтон хавфсизлик тизимида ишлайдиган манбанинг айтишича, намойишчилар куч ишлатувчи тузилмалар ходимларига ёнувчи аралашма солинган шишаларни улоқтирмоқда.

Фото: REUTERS

Афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабабли Вашингтонда ўтказилган норозилик намойиши иштирокчилари билан тўқнашувлар натижасида АҚШ махфий хизматининг 50дан ортиқ ходими жароҳатланди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб Fox News хабар берди.

Вашингтон хавфсизлик тизимида ишлайдиган манбанинг айтишича, намойишчилар куч ишлатувчи тузилмалар ходимларига ёнувчи аралашма солинган шишаларни улоқтирмоқда. Вашингтон кўчаларида тартиб сақлашда полиция ва миллий хавфсизлик вазирлиги ходимларига ёрдам бериш учун махфий хизматдан ташқари федерал маршаллар, гиёҳвандликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари ва миллий гвардия жалб этилган.

25 май куни афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олинаётганда вафот этди. Оқ танли полициячи Дерек Шовин 7 дақиқа давомида Флойднинг юзини алфальтга босган ҳолда ушлаб турган ва оқибатда нафаси бўғилган Флойд воқеа жойида жон берган. Уч нафар полициячи барчасини томоша қилиб турган. Бу эса мамлакатда ирқчиликка қарши кескин намойишлар ўтказилишига сабаб бўлди. 

Қатор шаҳарларда комендантлик соати жорий этилди. Associated Press агентлигининг хабар беришича, кейинги уч кун давомида 4100 киши қўлга олинган.

Мавзуга оид