Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сиэтлда “Ўзбек маҳалласи” очилди
Вашингтон штати, Сиэтл шаҳрида яшовчи юртдошларимиз “Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмасини тузишди. Ташкилот расман рўйхатга олинди, штат давлат котиби Стив Ҳоббс ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Мақсад ўзбекларни бир даврага жамлаш, миллий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда ёшларни Ўзбекистонга яқин тутиш.
Маълум бўлишича, бугун АҚШ Вашингтон штатида 3 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ҳамда келиб чиқиши ўзбек бўлганлар яшайди. Уларнинг салмоқли қисми Сиэтл ҳамда унинг атрофида йирик технологик, саноат компаниялари жойлашган ҳудудларда истиқомат қилишади.
Ўзбеклар Вашингтонда бугун Microsoft, Amazon, Google, Boeing, Oracle ва NVIDIA компанияларида ҳам фаолият юритмоқда. Улар дастурий таъминот, сунъий интеллект, муҳандислик, авиация, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда ишлайди.

“Ўзбек маҳалласи” ташкилотининг раиси этиб асли Хоразмдан бўлган, Сиэтлда Маркс исми билан танилган Мусо Холмуродов тайинланди. У Вашингтон штати ҳукумат тизимида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга, Вашингтон штати Тузатиш ишлари департаменти тизимида иш бошқарувчи сифатида фаолият юритади, дейди штатдаги ўзбек консуллиги.
“Маҳалла халқимиз учун оддий бир уюшма эмас. У меҳр-оқибат, ўзаро кўмак, катта-кичикка ҳурмат, миллий ўзлик ва бирдамлик тимсолидир. Минглаб километр узоқда ҳам “Ўзбек маҳалласи” ана шу эзгу анъаналарни давом эттириш, ватандошларимизни бир-бирига яқинлаштириш ва уларнинг фарзандлари қалбида она тилимиз, тарихимиз ва маданиятимизга меҳр уйғотишга хизмат қилади”, дейди Kun.uz билан гаплашган Сиэтлдаги бош консул Аҳрор Бурхонов.
Янги жамоа миллий байрамлар, маданий тадбирларни ташкил этиш, янги келган юртдошларга мослашишда ёрдам бериш, ёшлар ва мутахассислар ўртасида ҳамкорлик тармоғини яратиш, хайрия ҳамда таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни режаламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Вашингтон штати АҚШнинг иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳудудларидан ҳисобланади. 2025-йилги ЯИМ 900 млрд доллардан ошиқни ташкил этган.