Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи ўз вазифасидан озод этилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи тиббиёт ходимларини ҳақорат қилгани тасвирланган видео юзасидан муносабат билдирди. Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, мазкур агентлик директори Баҳодир Юсупалиев ушбу бош врачни ўз вазифасидан озод қилган.
«Ижтимоий тармоқларда ходимларини ўз кабинетида сўкаётган раҳбарнинг видеоси тарқалди. Тез орада видео «қаҳрамони» Тошкент вилояти Санитария -эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоев эканлиги маълум бўлди.
Бугун ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассислари томонидан ўрганилди. Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоевнинг қўл остидаги ходимлари билан ўта қўпол ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги суҳбати муҳокама қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилди.
Бош врач Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, мазкур агентлик директори Баҳодир Юсупалиевнинг тегишли бўйруғи билан ўз вазифасидан озод этилди.
Айни пайтда агентлик томонидан Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази фаолиятини тубдан ўзгартириш, иш самарадорлигини ошириш, ҳудудда санитария ва эпидемиология ҳолатини янада яхшилаш каби вазифаларга қатъий эътибор қаратилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Бундан аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимлиги СЭОМ бош врачи ходимларни бўралаб сўккани тасвирланган видеога муносабат билдирганди.
«Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи лавозимида ишлаётган Бахтиёр Болтабоевнинг ўз хизмат хонасида қўл остидаги ходимлари билан ўта қўпол ва ҳеч қандай ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги суҳбати кенг муҳокама қилинмоқда.
Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, СЭОМ тизимида меҳнат қилаётган кўп минг сонли тиббиёт соҳаси ходимлари, вилоят жамоатчилиги бу ҳолатдан ниҳоятда мутаассир бўлдик.
Мазкур видеоёзувдаги воқелик – раҳбар, тиббиёт соҳаси вакили учун шармандали ҳол. Ҳар қанақасига олганда ҳам ўз ходимларига бундай муомала кўрсатаётган раҳбарни умуман оқлаб, тушуниб бўлмайди», дейилади муносабатда.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024