Жамият | 23:25 / 02.06.2020
5971
2 дақиқада ўқилади

Хатланган машина 70 млн сўмлик ижрони тезлаштириб юборди 

Фарғона туманида фаолият кўрсатувчи фермер хўжалиги 2016 йилда “Асака банки” Фарғона вилоят филиалидан 3 йил муддатга 1 млрд. сўмга кредит маблағларини олиб, фаолиятини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Банк кредит фоизларини олдиндан ҳисоб-китоб қилмаган шекилли, кредит қарзи ва унга ҳисобланган фоизларни график асосида банкка қайтаришга келганда мажбуриятини бажаришни унутган. Банк ўзи ҳаракат қилиб кўрган, лекин фойдаси бўлмагач, ўртага суд қарори асосида Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари тушишган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 25.11.2019 йилдаги қарорига асосан қўзғатилган ижро ҳужжати бўйича навбатма-навбат банкдан кредит олиш учун гаровга қўйилган мол-мулкларни хатлаш бошланган. Банкка “қора”сини ҳам кўрсатмай юрган фермер унга яхшилик қилиш мақсадида гаровга ўз мулкларини қўйган қурилиш ишлари билан шуғулланувчи корхона ҳамда икки нафар фуқароларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйган.

Гаровга қўйилган мулклар хатлана бошлангач, фермер хўжалиги мансабдор шахсларининг пайтавасига қурт тушган кўринади. Улар томонидан банкка 400 млн. сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган.

22.05.2020 йилда қурилиш ишлари билан шуғулланувчи корхона балансида бўлган гаровга қўйилган юк машинаси хатлангач эса фермер шахсан Бюронинг Фарғона туман бўлимига ташриф буюриб, энг охирги қарздорлик 70 млн. сўм ҳисобидан 7000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олиб келиб топширди ва ижро ҳужжати тамомланди.

Мавзуга оид