Кувайтда ишлаётган шифокор: «Ўзбекистонга қайтаман, лекин ишлай олишимга кўзим етмайди»
Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб, олисга йўл олгани энди ҳеч кимга сир эмас.
Бу борадаги туркум суҳбатларимиз доирасида Кувайтда фаолият юритаётган шифокор Жаҳонгир Жўраев билан боғландик.
– Жаҳонгир, сизга Ўзбекистондан салом. Дастлаб ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз.
– Ассалому алайкум, ватандошлар! Бизни йўқлайдиганлар ҳам бор экан, борингизга шукр. Мен, Жаҳонгир Жўраев Кувайт давлатидаги клиникалардан бирида шифокорман.
2001 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини бакалавр йўналишида битириб, шу йилнинг ўзида Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти қошидаги анестезиология ва реаниматология мутахассислиги бўйича ординатурага ўқишга қабул қилиндим. Икки йил давомида ординатурада таҳсил олиб, мутахассис бўлдим. Клиник ординатура даврида назарий билим олишимиз ва амалиёт Республика шошилинч тез тиббий ёрдам Илмий марказида бўлди.
Бу мен учун катта омад эди. Чунки марказ биринчи президентимиз ташаббуси билан очилган, ўша пайтдаги энг замонавий тиббий техника, тиббиёт асбоб-ускуналари билан тўлиқ таъминланган республикадаги ягона марказ эди. Шифокорлар ва биз талабалар биргаликда янги тиббий воситалардан, тиббиётга тегишли турли техник аппаратлардан фойдаланишни ўзлаштирдик, айнан шу ерда ўз соҳасини яхши ўрганган мутахассис бўлиб етишдим.
Ординатурадан сўнг иш фаолиятимни шу марказда давом эттирдим. Марказдаги ўн йиллик фаолиятим давомида Австрия, Ҳиндистон давлатларида малака ошириб қайтдим. Институтда ва илмий марказда таълим берган устозлардан миннатдорман.
– Нега айнан Кувайтни танлагансиз ва қанча вақтдан буён бу ерда фаолият юритасиз?
– Республика миқёсидаги энг илғор, донғи кетган тиббиёт марказида ишлашимга қарамай ўзимнинг келажагимни Ўзбекистонда кўролмас эдим. Бунга бир неча сабабларни келтиришим мумкин.
Энг асосийси – меҳнатимизга яраша маош тўланмас эди. Истаймизми-йўқми, кўп шифокорлар беморлар берадиган пулни олишга мажбур эдик. Чунки бериладиган маош тирикчиликка етмасди. Бу ёқда оила ташвишлари, фарзандлар келажаги...
Шунингдек, иш фаолиятини муваффақиятли олиб бориш учун врачларга, мутахассисларга етарли шароитлар яратилмаганди. Бу эса ўз-ўзидан хорижга ишга кетиш мақсадимни тезлаштирди.
Мен доимо ўз касбим бўйича чет элга кетиш учун ҳаракат қилганман, изланганман. Кўп давлатлардаги тиббиёт ходимлари фаолияти билан қизиққанман. Ниҳоят 2015 йилда Кувайтдаги клиникалардан бири билан шартнома тузишга эришдим. Ҳозирга қадар шу тиббиёт марказида мутахассислигим бўйича меҳнат қиляпман.
Кувайтда 40 нафарга яқин ўзбек шифокорлари фаолият олиб бормоқда.
Шартнома орқали ишга жойлашган барча врачлар ҳам бу ерда ишлаб кетолмайди. Аввало, бу ерда хориждан келган шифокор билан уч ойлик муддатга шартнома тузилади, яъни уч ой давомида унинг билим ва тажрибаси синовдан ўтказилади. Агар шифокор талабларга жавоб берса, кейин доимий шартномага имзо чекилади.
Биз билан бирга келган кўплаб врачлар орасида шартнома тузолмай юртга қайтганлари ҳам бор. Ҳозирда Кувайтда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокорларнинг кўпчилиги айнан мен юқорида номини тилга олган илмий марказда ўз тажрибасини оширган, ўша ерда меҳнат қилган мутахассислардир.
– Кувайт ва Ўзбекистон тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар ҳақида нима дея оласиз?
– Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Кувайт тиббиётидаги тафовут жуда катта. Кувайт – бой давлат. Кўпчиликка маълум, нефтдан олинган даромад давлат бюджетининг тахминан 90 фоизини ташкил килади. Аҳоли бор-йўғи тўрт миллион нафарлигини ҳисобга олсак, бу фуқаролар учун жуда катта имкониятлар яратилган дегани.
Давлат тиббиёт билан боғлиқ барча харажатларни кўтаради, мамлакатдаги шифохоналар, клиникалар энг замонавий, энг инновацион тиббий техника, ускуна, лаборотория асбоблари ва зарур дори дармонлар билан таъминланган.
Кувайтда шифокорлар етишмайди, шу сабаб хорижлик мутахассисларга талаб жуда катта, ҳукумат етук соҳа вакилларини ишга таклиф қилиб катта миқдордаги маошларни тўлайди.
Сўнгги йилларда кувайтлик ёшларни тиббиёт йўналишида хорижда ўқитиш йўлга қўйилди. Ҳукумат бунга катта эътибор қаратяпти. Касалхоналарда ишлаётган маҳаллий шифокорлар АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция ва Германия каби тиббиёт ривожланган давлатларда малака оширмоқдалар.
Бундан бир неча йиллар аввал кувайтлик маҳаллий шифокорлар билими, тажрибасини ошириш мақсадида Россия ва Украинага ўқишга юборилган. Аммо бу ўзини оқламагани учун тўхтатилиб, юқорида тилга олинган давлатларга мутахассисларни ўқитиш маъқул кўрилган.
Бундан англаш мумкинки, Кувайтдаги тиббиёт АҚШ ва Канада тиббиёт йўналишига асосланган. Юртимиз тиббиёти эса собиқ иттифоқ ва Россия тиббиёти йўналишига ўхшаш.
Тан олмоқ лозим, Россия тиббиёти бизнинг тиббиётдан кучли ва ўрганиш мумкин бўлган тарафлари кўп, лекин шахсан мен замонавий тиббиётни йўлга қўйиш мақсад бўлса, бу усул хато, деб ўйлайман ва бизнинг тиббиётимизни кучли ривожланган Европа ва АҚШ стандартларига ўтказиш энг тўғри йўл деб биламан.
Буни эса тиббиёт институтларидан бошлаш керак. Ўқишни инглиз тилида олиб бориш лозим. Тиббиёт соҳасини ўқитишда инглиз тилидаги адабиётлардан, манбалардан фойдаланиш керак. Бўлажак шифокорларимизнинг тиббий дунёқарашини Россия тиббиётидан замонавий дунё тиббиёти дунёқарашига ўзгартириш зарур.
Фикримни шундай исботлайман: касаллигингиз сабаб бир шифокорга бордингиз, у ташхис қўйиб даволади, фойдаси бўлмади, бошқасига борасиз, у ҳам ўзича ташхис қўйиб даволайди — яъни доктор амалиёт давомида ўрганган эски тажриба асосида даволайди. Хорижда эса барча шифокорлар ҳар йили янгиланиб турадиган охирги қўлланмалар асосида даволашни олиб боришади. Тиббиётнинг ҳар бир йўналиши бўйича АҚШ, Буюк Британия ва Канада тиббиёт ассоциациялари бошчилигида тажрибадан ўтган ва даволаш усули ижобийлиги исботланган қўлланма чиқарилади ва даволаш жараёнида шунга риоя қилинади.
Ҳар ойда барча касалхоналар тегишли мутахассислари бошчилигида семинарлар ўтказилиб дунё тиббиётидаги янгиликлардан бир-бирини хабардор қилиб туришади. Шу сабабли ҳеч қачон касалхоналарда бир хил мутахассислик бўйича бир-бирига консультацияга борилмайди. Бу ноодатий ҳол. Ҳамма касалхона ва клиникалар шифокорлари билим даражаси ва савияси нисбатан бир хил даражада.
Ўзбекистонда эса тажрибали шифокор қидириб юришингизга тўғри келади. Хулоса қилиб айтганда, тафовут жуда катта.
– Сир бўлмаса, ойига қанча маош оласиз? Унинг қанчаси харажатларга кетади?
– Кувайтдаги шифохоналарда ишлаётган докторларга маош ишлаётган даражаси, илмий унвонига қараб белгиланади. Тахминан уч хил даражали врачлар бўлиб, олий даражадаги шифокорлар ойлиги шунга яраша кўпроқ ва масъулияти ҳам катта.
Хориждан келиб ишлаётган врачларга 5000-8000 доллар атрофида маош тўлашади. Маҳаллий шифокорларга ундан ҳам кўп тўланади.
Кувайтда уй ижараси ва мактабларда бола ўқитиш жуда қиммат. Лекин бунга кўп куйинмайсиз. Чунки фарзандлар ўқишига тикилган пул бу келажакка тикилаётган инвестиция деб қаралади. Болаларингизни келажакда чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқитиш имконияти катта.
– Ўзбекистонга қайтишдан сизни нималар тўсиб турибди?
– Ватандан яхши ёр бўлмас, дейдилар. Она Ватанимизга албатта қайтамиз, хорижда бутунлай қолиш ниятимиз йўқ. Лекин қайтиб врач бўлиб ишлаш имконияти бўлмаса керак.
Бунга сабаб юртимизда ҳали тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар етарли эмас, назаримда. Мисол учун, шифокорларнинг яхши ишлашига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳақида кам қайғуриляпти, докторлар ҳамон қоғозбозликка кўп вақтини сарфлайди, бемор билан ишлашига, унга ёрдам кўрсатишига кам вақт қолаяпти.
Яқинда ижтимоий тармоқларда ўқидим, коронавирусга чалинган шифокорга бошқа фуқароларга касалликни юқтиргани учун жиноий иш очилибди. Кейинроқ юқори органлар томонидан бу иш бекор қилинибди, бу эса ҳали ҳамон шифокорлар тўлиқ қонун ҳимоясида эканлигини шубҳа остига қўяди.
Шифокорни уриб жиддий тан жароҳати етказилса, оддий жарима ёки шунга ўхшаш енгил жазо қўлланилади, лекин ички ишлар ходимини телефонга суратга олиб интернетга қўйган шахсга қамоқ жазоси берилади – бу ҳам юқордаги фикримнинг исботидир. Қисқаси, бу борада муаммолар кўп, албатта ижобий томонга ўзгаришига умид қилиб қоламиз.
– Пандемия шароитида Кувайт тиббиёти қандай ишламоқда? Умуман, давлат бу синовга тайёрмиди? Сиз ўзингиз бу касалликка қарши курашга жалб қилиндингизми?
– Пандемия бутун дунёни қамраб олди. Бугунги кунда Кувайтда ҳам коронавирус касаллиги билан хасталанганлар сони ошиб бормоқда. Кунига ўртача 800-1000 одамда касаллик белгилари аниқланмоқда.
Умумий миқдорда 25 мингдан ортиқ киши касалликка чалинган. Вирус сабаб 185 киши вафот этди.
Умумий аҳолиси 4 миллионни ташкил этадиган давлат учун бу жуда кўп. Беморлар сони кўпайгани сабабли бизнинг касалхона ҳам бу вирусга чалинганларни қабул қилмоқда.
Маълум сабаб ва хатолар туфайли касалланганлар сони ошиб кетди. Бунга аҳоли орасида касаллик ташиб юрувчи, лекин ўзида касаллик белгилари йўқ инсонлар ҳам сабабчи бўлмоқда.
Бундай одамларни фақатгина аҳолини оммавий равишда текширганда аниқлаш мумкин. Аммо амалиётда бундай аниқлашнинг имкони йўқ.
Ўзбекистондаги вазият анча яхши. Беморларнинг 4000 атрофида бўлиши ва ўлим кўрсаткичи камлиги бу аҳолининг карантин қоидаларига амал қилишни кучли назорати ва касал билан мулоқотда бўлган ҳар бир одамни каратинга олиб изоляция қилиши билан боғлиқ.
Лекин бир савол туғилади. Аҳоли орасида ўзи касаллигини билмаган одам касал тарқатиб юраверса, охири нима бўлади? Ҳеч бир давлат узоқ муддат карантин ҳолатини давом эттиролмайди. Ўз-ўзидан маълум, иқтисодиёт ўтириб қолади. Мажбурий карантин аста-секин енгиллаштирилгани сари касалликка чалинган кўпайиб бораверади.
Иммун тизим кучсиз одамларда касаллик оғир кечади. Қисқа қилиб айтганда, табиий танланиш юзага келади. Агар вакцина топилса ёки бу касалликни батамом тузатадиган препарат кашф қилинса, бу тахмин йўққа чиқиши мумкин.
Бу албатта менинг шахсий фикрим. Ҳозирча касалликка чалинмасликнинг ягона йўли – ўзи ва яқинларини эҳтиёт қилиш, гигиена қоидаларига амал қилиш. Ҳаммага сиҳат-саломатлик тилайман.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.