Вазирлар Маҳкамасида лавозим тайинловлари амалга оширилди
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган Фурқат Раҳимов Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибиятининг мудири этиб тайинланди.
Ҳукуматнинг 2020 йил 28 майдаги 335-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибиятида бир қатор раҳбар ходимлар тайинланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар бермоқда.
Илгари инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган Фурқат Жалолович Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибиятининг мудири этиб тайинланди.
Шавкат Ражабалиевич Набиев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти мудирининг ўринбосари этиб тайинланди. У Вазирлар Маҳкамаси Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментининг бош мутахассиси лавозимидан озод қилинди.
Жасурбек Шавкатович Авезов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти мудирининг экспорт, импортни оптималлаштириш, божхона-тариф ва нотариф тартибга солиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди, бу лавозимга у Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг бошқарма бошлиғи лавозимидан ўтди.
Лутфиддин Насруллаевич Хўжаев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибиятининг Халқаро ҳамкорлик масалалари шўъбаси мудири этиб тайинланди. Бундан олдин у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Бухоро бўлимига раҳбарлик қилган.