Жамият | 08:47
675
2 дақиқада ўқилади

Раҳбарлик лавозимларига номзодлар сунъий интеллект орқали баҳоланиши мумкин

Ўзбекистонда раҳбарлик лавозимларига тайинланадиган номзодларни баҳолашнинг янги тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, номзодларнинг билим, кўникма ва компетенциялари сунъий интеллект технологиялари асосида ишловчи махсус электрон платформа орқали комплекс баҳоланади.

Фото: Kun.uz

Муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, Президент, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ёки келишиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги қошида ташкил этиладиган Раҳбар кадрларни баҳолаш марказида шахсий-профессионал диагностикадан ўтказилади.

Лойиҳада баҳолаш жараёнлари AssessPro электрон платформаси орқали амалга оширилиши белгиланган. Платформа давлат фуқаролик хизматчилари компетенцияларини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида баҳолаш имконини беради.

Номзодларни баҳолаш бир нечта босқичларни ўз ичига олади. Жумладан, умумий билим ва интеллект даражасини аниқлаш бўйича тестлар, давлат тилида саводхонликни баҳолаш учун эссе ёзиш, психодиагностик синовлар, коррупцияга қарши барқарорликни аниқлаш, когнитив ва нейро-когнитив кўникмаларни баҳолаш, компетенциялар бўйича интервьюлар, кейс-стади ва амалий топшириқлар назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада номзодларни электроэнцефалография (ЭЭГ) текширувидан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Ушбу усул бош мия электр фаолиятини таҳлил қилиш орқали инсоннинг айрим когнитив хусусиятларини баҳолаш имконини беради.

Баҳолаш якунлари бўйича номзодларга “тавсия этилади”, “шартли равишда тавсия этилади” ёки “тавсия этилмайди” каби хулосалар берилади. Ҳар бир иштирокчи учун шахсий портфолио шакллантирилиб, у кадрлар бўйича қарор қабул қилишда қўшимча ахборот манбаи сифатида қўлланилади.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, раҳбар кадрларни баҳолаш соҳасида ягона марказ фаолият юритиши, баҳолаш материаллари эса миллий ва халқаро экспертлар иштирокида мунтазам такомиллаштириб борилиши режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид